«Азаттык»: Туркияга кетиб, қайтишмади...

806

Туркияга кетган бўйича бедарак бўлган икки қирғизистонлик қизнинг яқинлари ёрдам сўраб, “Азаттык” радиосига мурожаат қилишди.

Мақоланинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтига чиққан. Муаллифи Санжар Эралиев.

Икки оила йўқолган қирғизистонликларни излашадими ёки йўқми деган ўй билан куч органларига мурожаат қилишмаган.

Толғаной…

«Азаттык»га яқинларини излаб мурожаат қилганлардан бири Уларкан Капарбек қизи Жалолободнинг Бозорқўрғон районидан бўлади. Унинг опаси 26 ёшдаги Толғаной Калманбетова 2013 йили Туркиянинг Истанбул шаҳрига ишлагани кетган. Дастлаб яқинлари билан алоқада бўлган, сўнги бир-икки ой ичида эса хабар бўлмаган:

— Қаерда эканлигини билмаймиз. Ишлари яхши эканлигини айтган. Бир ярим йилдан буён пул жўнатмаган. Бироқ қўнғироқ қилиб, ёзиб турган. Икки ой аввал Қирғизистонга қайтишини айтган. Энди эса бедарак бўлмоқда.

Толғаной бошқалар каби турмуш-тирикчилик сабабли чет ўлкага иш излаб кетган. Туркиядаги ҳаётидан норози бўлмаган. Турмуш қуриш мақсадида Оғузхан исмли киши билан танишганини айтган. Бироқ Толғанойни излаган яқинлари у йигит билан "Фейсбук" орқали сўзлашган вақтида “мендан узоқ бўлинглар” деган жавобни берган. Нима қилишни билмай, у йигитнинг расмларини тўплаб, ёзган билдирувларини ўчирмай сақлаб юришибди. Шундай бўлса ҳам, милицияга ёки бошқа органларга хат ёзишмаган. Ҳуқуқий маслаҳат сўраб ҳам ҳеч кимга мурожаат қилишмаган:

— Милицияга мурожаат қилмаганмиз. Бизнинг куч органлар Туркияда бедарак бўлган яқинларимизни излаб топиши мумкинми? — деб сўраган Уларкан барча умидини журналистларнинг ёрдамига тиккан. Опаси ёмон одамлар қўлида хўрланаётган бўлиши мумкин деган ўй уни хавотирга солмоқда.

Ханзада…

Сузоқ районининг Барпи районининг яшовчиси Бектур Жолдошбаевнинг қизи, 21 ёшдаги Ханзада Бектурова ҳам бу йил баҳорда Анталияга кетгандан буён бедарак.

— Қизим 7 майда уйдан кетган. Анталия шаҳридан алоқага чиққан. Кейин бир оз бетоблигини айтгандан бери бедарак.

Қидирилаётган Ханзаданинг бир ногирон фарзанди бор. У турмуши яхши бўлмай, фарзандини боқиш мақсадида интернетдаги танишларининг сўзи билан Туркияга кетган. Қирғизистондан тайинли иш тополмаганлиги сабабли фарзандини ташлаб узоққа кетишига уйидагилар ҳам рози бўлишмаган.

— Боргандан кейин менга 200 доллар юбориб, “боламга бирор нарсалар олиб беринг” деб тайинлади. Ўғли яқинда уч ёшга тўлади. Бироқ юролмайди.

Бектур қизини кимлардир алдаб, фойдаланаётган бўлиши мумкин деган ўйда. Сабаби у томонда қулликка учраб, фоҳишаликка мажбур бўлганлар тўғрисида эшитган.

Туркиядан келган ёмон хабар

Туркияда қотилликда гумонланиб қўлга олинган Ханзада исмли қирғиз қизи тўғрисида бундан бир ойча аввал турк нашрлари ёзиб чиққан. Habertürk агентлиги келин қулликка учраганини, ўзи билан бирга яшаган Туркия фуқароси маст ҳолда уни калталаганда, чидолмай рўмоли билан бўғиб ўлдиргани хабар қилинган. Бу воқеа бўйича Қирғизистоннинг Туркиядаги элчихонаси ишлаб, Ханзадага хуқуқий томондан ёрдам берилаётганини расмий маълум қилди.

Бироқ умидли ота ҳеч қандай расмий билдирувлар келмаганлиги сабабли бу хабарга ишонгиси келмаяпти. Бектур Жолдошбаев ёрдам сўраб ташқи ишлари министрлигининг Ўшдаги бўлимига мурожаат қилган:

Ҳозирча тегишли жавоб олмадим. Яқинда ташқи ишлар министрлиги қуллик масаласи бўйича йиғин ўтказиб, 15-16 одамнинг тақдири муҳокама қилинишини айтди. Унинг орасида мени қизимнинг ҳам исм-шарифи бор экан…

Саводсизлик оқибати

Туркияга Қириғизистондан ишлагани борган меҳнат муҳожирларининг кўп қисми — аёллар. Кўпинча, Истанбул, Анқара  каби катта шаҳарларда уй хизматкори бўлиб ишлашади. Орасида расмий шартнома тузиб, қонуний юрганлари кам. Маълумотларга кўра, кўпчилиги бу ўлкага сайёҳ қатори келиб, шу ерда қолишади. 3 августга ўтар кечаси Туркияда зўравонликка учраган яна бир қирғизистонлик Гүлайим Чолпонбаева оғир аҳволда касалхонага тушган. Уни ўзи билан бирга яшаган Шенол исмли киши пичоқлаган деган гумон билан қўлга олинди.

Туркиялик терговчиларнинг фикрига кўра, тил билмасдан, иш берган маҳкамани изламасдан келганлар қийин ахволга дуч келган фактлар кўп. Айниқса, аёлларни фоҳишаликда мажбуран ишлатилганлиги тўғрисида маълумотлар турк нашрларида тез-тез ёзилиб туради.

Ўшдаги “Ақ журўк” кризис марказининг раҳбари Дарика Асилбекова бундай масалаларни камайтиришнинг самарали усули — мутахассислар қишлоқ ҳукуматларига бориб, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириши кераклигини таъкидлайди:

— Бунинг учун махсус мутахассислик очишнинг кераги йўқ. Қишлоқ ҳукуматларида ёки бошқа маҳаллий ҳукуматларда халқнинг ижтимоий ҳаёти тўғрисида маълумотлар бор. Шуни тўплаганлар биргаликда тушунтириш ишларини олиб борса, масала оз бўлса ҳам ҳал бўлади.

Расмий маълумотларга кўра, йўқолган ёки қулликка учраганларнинг кўпчилигини аёллар ташкил қилади. Энг кўп ҳолат2013 йили рўйҳатга олиниб, 600дан ортиқ киз қидирувга берилган. Бедарак бўлган аёлларнинг ярми чет элда жинсий қулликда юргани аниқланган. Ундан кейинги кўрсаткичда ҳам катта ўзгариш йўқ.

Фото: "Азаттык"