Парламент милиция ходимларини видеога олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади

63

28 ноябрь куни парламент йиғилишида депутатлар деярли бир овоздан милиция ходимларини фото ёки видеога олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлашди.

61 депутат «тарафдор» бўлди, фақат депутат Дастан Бекешев «қарши» овоз берди.

Ҳужжат ташаббускорларидан бири Суюнбек Омурзаков муҳокама вақтида таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот ходимларини видеога олишга тўғридан-тўғри тақиқ қўйилмаган. Унинг айтишича, гап воқеалар мазмунини бузиб кўрсатадиган фото ва видеоларни монтаж қилиш ҳақида кетмоқда.

Аммо Дастан Бекешев қонун лойиҳасида бундай изоҳ берилмаганини таъкидлади. Унга кўра, ҳужжат «жуда хавфли», чунки ноаниқ ёзилган.
"Мен буни қўллаб-қувватлай олмайман. Камера фуқаролар учун ягона ҳақиқий ҳимоя воситасидир," — деди парламентарий.

Омурзаков эса ҳамкасбини «провокация билан шуғулланмасликка» чақирди.

Илгари Жўғорғи Кенгаш ушбу қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш учун бир овоздан қайтарган эди.

Ҳужжат муаллифларининг фикрига кўра, фуқаролар милиция ходимларини иштирокидаги фото ва видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб, уларнинг обрўсини тўкишни мақсад қилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда «дискредитация қилувчи» фото ва видеоларни тарқатганлик учун фуқароларга 5 минг сом жарима ёки беш кундан етти кунгача ҳибс жазоси белгиланмоқда.

Шунингдек, ташаббускорлар Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Безорилик» моддасини тўлдиришни таклиф қилмоқда. Ҳокимият вакили ёки хизмат вазифасини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ безорилик учун 50 мингдан 200 минг сомгача жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф этилмоқда.