Қирғизистонда 211 650 нафар ногиронлиги бор одам бўлса, уларнинг 37 мингдан ортиғи ёш болалар. Бу ҳақда президент Садир Жапаров 3 декабрда ногиронлиги борлар куни муносабати билан мурожаатида айтди.
Жапаров давлат томонидан ногиронларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинаётганини билдирди. Унинг айтишича, ҳукумат ногиронларнинг эҳтиёжларини қондириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни энг муҳим вазифалардан бири деб билади.
«Имконияти чекланган фуқароларимиз ўз темир иродаси, матонатли жасорати, оптимистик дунёқараши билан олға интилиб, ҳар қандай соҳада тинимсиз меҳнат қилиб, кўплаб ютуқларга эришаётгани қувонарлидир. Албатта, бундай инсонлар бутун Қирғизистоннинг фахри!» — деди у.
Давлат раҳбари ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги иштирокини таъминлаш вазифаси давом этаётганини таъкидлади.
Қирғизистонда ногиронлар учун инфратузилма ноқулай, улар жамоат транспортидан тўлиқ фойдалана олмайди. Бундан ташқари, улар иш топа олмайди ва жамият томонидан қабул қилинмай келади.
2019 йилнинг 14 март куни Қирғизистон ҳукумати БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвентсиясини ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Қирғизистон мамлакатда яшовчи 200 мингга яқин ногироннинг ҳуқуқларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини олган. Бироқ ҳозиргача бу борада мақбул ишлар амалга оширилмаган.