Байроқни ўзгартиришга қарши чиққан фаолларнинг автоюриши бўлмай қолди

227

3-декабрда Бишкек шаҳрининг Октябрь туман милицияси давлат байроғини ўзгартиришга қарши чиққан фаолларга автоюриш ўтказишни тақиқлади.

Милиция ходимлари 7-кичик туманидаги Аали Токомбаев кўчасига йиғилган ҳайдовчиларга пойтахтда акция ўтказиш тақиқланганини айтиб, машиналардаги байроқни олиб қўйишни огоҳлантирган.

«Азаттиқ»нинг маълумоти бўйича, кейин иштирокчилар юришни шаҳарнинг четидаги Кўкжар қишлоғида уюштиришга қарор қилган. Аммо улар 9 декабрда Максим Горький номидаги гулзордаги акцияга қўшилишга қарор қилишиб, тарқаб кетган.

Сурат: Амантай Шакиров/«Азаттиқ»

Автоюриш бўлишини фейсбукка ёзиб чиққан фаол Афтандил Жоробеков кеча, 2 декабрда Октябрь туман милициясига суҳбатга бориб келган.

Милициядан чиққандан кейин фаолни МХДҚнинг ходимлари олиб кетиб, байроқни ўзгартиришга қарши 9 декабрда ўтувчи акция ҳақида суҳбат ўтказган.

Байроқни ўзгартириш ташаббуси

Жогорку Кенешнинг 29 ноябрдаги йиғинида давлат байроғини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланган. Байроқни ўзгартиришга 66 депутат розилигини берган бўлса, саккиз нафар депутат қарши бўлган.

Айрим депутатлар «мазкур қарорни қабул қилмай, масала референдумга қўйилиши кераклигини» айтган. Мирлан Самийкожо эса унинг ўрнига бошқа биров байроқни ўзгартиришга «маъқул» деб овоз бериб қўйганини айтиб чиққан.

Қонун лойиҳасининг ташаббусчилари — парламентнинг етакчиси Нурланбек Шакиев ҳамда депутат Улан Примов.

Байроқни ўзгартириш ташаббусини президент Садир Жапаров билан МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев ҳам қўллаган. Аммо ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари бу ташаббусга қарши бўлиб, байроқ ўзгартирилмасин деган флешмоб бошлашган.