Ташиев ўзи ва оиласига нисбатан таҳдид хати олганини билдирди

156

20 ноябрда ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев ўзига таҳдид қилинганини маълум қилди. Унинг айтишича, номаълум шахслар иш жойига посилка юборган бўлиб, унинг ичида флешка солиб, муҳрланган конверт бўлган.

Ташиевнинг сўзларига кўра, номаълум шахслар хат орқали унга ва унинг оиласига, агар уларнинг талаблари бажарилмаса, жисмоний зарар етказиш билан таҳдид қилишган. Аммо бу талаблар нимадан иборат эканини очиқламади.

«Агар эртага мен билан, оилам билан ёки президент оиласи билан нимадир содир бўлса, жамоатчилик бундай таҳдид бўлганидан  хабардор бўлиши керак», — деди Ташиев.

Унга кўра, бу ишга махсус хизматлар аралашган бўлиши мумкин. Ташиев улардан қўрқмаслигини ва мамлакат манфаати учун криминалга қарши кураш йўлидан оғмайдиганини таъкидлади.

«Мен ўнлаб миллион долларни олмаганим учун ғазабингиз келди. Менинг фаолиятимнинг келажагини биласиз: бизнинг мамлакатда жиноий гуруҳлар ҳам, олигархлар ҳам, ноҳақ йўллар билан пул топишни истайдиган бошқалар ҳам бўлмайди. Агар мени йўқ қилсангиз, қайтиб кела оласиз. Аммо мен тирик эканман, бу йўлдан оғмайман», — деди у.

МХДҚ раҳбарининг айтишича, у махсус хизматни бошқаришни бошлаганидан буён унга беш-олти марта суиқасд уюштирилган. Президентга нисбатан эса икки марта суиқасд уюштиришга уринишган.

Кейинроқ, Ташиевга яқин журналист Ўткирбек Раҳманов Facebook саҳифасида хат мазмунини эълон қилди. Хатда номаълум шахснинг айтишича, унинг буюртмачилари МХДҚ раҳбарига эмас, унинг яқинларига зарба беришни талаб қилишган. Бунга эвазига, ижрочи «дунёда обрўли шахслар» томонидан яхши ҳақ тўланганини айтган.

Шунга қарамай, хат муаллифи Ташиевга келишув таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, агар махсус хизмат раҳбари 10 кун ичида собиқ парламент спикери Чинибай Турсунбековнинг бевасига мусодара қилинган мулкни қайтарса ва хатни олгандан сўнг 24 соат ичида уни йўқ қилса, ҳеч кимга зарар етмайди. Акс ҳолда, «беайб одамларнинг қони тўкилади».

Аввалроқ МХДҚ ходимлари марҳум жиноий авторитет Қамчи Қўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳ аъзоси Руслан Дуйшеевни қўлга олган эди. Махсус хизмат маълумотларига кўра, у қидирувда бўлган пайтида МХДҚ раҳбариятига нисбатан суиқасд уюштиришни режалаштирган.