Иссиқкўл милицияси сўнгги икки кун ичида олтин қазувчи «Кумтор» корпорациясидан 3 млн доллар пул талаб қилгани тахмин қилинаётган шахсларни қўлга олганини тасдиқлади.
Бактияр Курманов 29 август куни кеч, Эрмек Жунушбаев 30 август куни эрталаб қўлга олинган.
Иссиқкўл ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Сталбек Усубакунов маълумотларига кўра, милиция ҳар иккаласини қўлга олган, бироқ кейинчалик уларни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига топширган.
«Қўлга олиш жуда яхши кечди. Уларнинг ўзлари бунга маънавий тайёр эди», — деди Усубакунов.
Қўлга олинганлар ҳақларини ким ҳимоя қилиши ҳозирча аниқмас.
Курманов ва Джунушбаев жорий йилнинг май ойида «Кумтор»га қарши ўтган митинг ташкилотчилари эди. Норозилик акцияси Иссиқкўл областининг Жети ўгуз районида ўтганди.
Митинглар уч кун давом этган ва бу вақт ичида митингчилар «Кумтор»ни электр тармоғисиз қолдирган, шунингдек милицияга қаршилик кўрсатганди.
«Кумтор» сиёсатидан норози исёнчилар қирғиз-канада корхонасидан ўз районлари учун кўпроқ сармоя ажратишни талаб қилганди.
Интернетда тарқаган видо тасмага мувофиқ, митинглардан бир ой ўтиб Курманов ва Жунушбаев «Кумтор»нинг тараққиёт маслалари бўйича директори Дуглас Гриер билан учрашган ва митингларни тўхтатишлари бадалига 3 млн АҚШ доллари талаб қилган.
Акс ҳолда, улар Қирғизистонда «инқилоб» ва «фуқаролик уруши»ни уюштириш билан қўрқитган.
Видео тасманинг интернетда пайдо бўлиши Қирғизистонда кенг шов-шувларга сабаб бўлди.
Душебаевнинг ўзи пул талаб қилмаганини билдириб, мазкур видео тасмани «монтаж» деб атади.