Тўқмоқ: Милиция қиз ўғирлаганларни қўлга олди

600

Snimok-e-krana-ot-2012-10-18-121813-450x281

Тўқмоқ шаҳар ички ишлар бошқармаси қизни зўрлаб турмушга узатиш мақсадида ўғирлаган тўрт шахсни қўлга олди. Ўз хоҳишига қарши равишда зўрлаб турмушга узатиш банди бўйича жиноий иш очилди.

Чуй области ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг хабар қилишича, ўғирланган қиз онаси 16 август куни Тўқмоқнинг марказий кўчаларидан биридан унинг қизини номаълум шахслар машинага солиб ўғирлаб кетгани юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Бошқарма матбуот хизматининг бош инспектори Айбек Арзиматов ўғирланган қиз ўзини олиб қочганлар билан аввалда таниш бўлмаганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, қизни олиб қочганлар уни ўз уйига олиб борган ва у ерда икки кун сақлаб ўтирган.

«Уни эрга тегишга мажбурлашган. Шунингдек унга нисбатан зўрлик ҳам бўлган», — деди Арзиматов.

Милиция маълумотларига кўра, қизни олиб қочганларнинг ўзлари унинг онасига хабар берган.

Ҳуқуқ тартибот органлари қиз сақланаётган жойни аниқлашга эришган ва қизни олиб қочганларни қўлга олган.

Тўқмоқ шаҳар тергов бошқармаси ўз хоҳишига қарши равишда зўрлаб турмушга узатиш банди бўйича жиноий иш очди.

Жорий йилнинг 26 январ куни президент Алмазбек Атамбаев қизнинг хоҳишига қарши равишда унга уйланиш учун ўғирлаб қочганларга жазо чорасини кучайтиришни кўзда тутган қонунга қўл қўйганди. Эндиликда бундай жиноят учун етти йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Қонун парламент тасдиқлагандан сўнг бир ой ўтиб президент тарафидан ҳам тасдиқланганди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, аввалда мазкур жиноят учун уч йилгача қамоқ жазоси кўрилган Қирғизистон жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилди.

Қизларни зўрлаб олиб қочишга қарши очилган миллий ҳаракат етакчиси Римма Султанова ўз мамнуниятини яширмаяпти.

«Ўз хоҳишига қарши равишда ўғирланган ва бу оғир юк билан яшашга мажбур бўлган қизларнинг додини эшитган давлатимизга мен ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деганди у қонун тасдиқлангач.

Бунгача мазкур қонун лойиҳаси жамиятда тортишувларга сабаб бўлганди — қирғизистонликларнинг бир қисми қиз ўғирлашни жиноят деб ҳисобласа, бошқаси буни “миллий одат” деб билади.

«Равенство сейчас» фондининг 2011 йили тарқатган маълумотларига кўра, Қирғизистонда йилига 11 мингдан 16 мингтагача мажбурлаб уйланиш мақсадида қиз ўғирлаш ҳолатлари кузатилади.

Қирғизистонда бу жиноят учун энг катта жазо муҳлатини олган киши — олти йиллик қамоқ жазоси билан жазоланган.