Қирғизистон соғлиқни сақлаш министрлиги 23 август куни Иссиқкўлдаги касалхонада вафот топган йигитнинг ўлимига қора ўлат сабаб бўлганини тасдиқлади.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш министри Динара Сагинбаева журналистлар билан учурашув пайтида 15 ёшли Темирбек Исакунов қора ўлатдан ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, мазкур диагноз 25 август куни марҳум танаси текширилгач аниқланган.
«Касал барча тартибларга кўра дафн этилди», — деди Сагинбаева.
Ҳозирги кунда касалдан ҳалок бўлган бола билан бевосита мулоқотда бўлган 105 киши аниқланди.
«Таъкидлаб ўтиш жоиз, 105 кишининг барчаси касалга чалинмаган, улар фақат касални юқтириб олгани тахмин қилиняпти. Бугунги кунда улар барча дорилар билан таъминланган», — деди матбуот анжуманида санитар хавфсизлик давлат инспекцияси бошчиси Толо Исаков.
Исаковнинг таъкидлашича, қора ўлатдан ҳалок бўлган бола бу касални сурғадан юқтириб олган. Унинг яқинлари сурғадан кабоб тайёрлашган ва уни еган.
Кабобни марҳумнинг ёлғиз емагани ва боладан бошқа одамларда касаллик кузатилмаганини ҳисобга олиб, шифокорлар касалликни сурға мўйнасида бўлган бурга болани чақиб юқтирганини тахмин қилмоқда.
Бироқ касалликнинг айнан нимадан юққани ҳали аниқланмади.
Уйда даволашга ҳаракат қилишган
Қирғиз давлат тиббиёт академиясининг юқумли касалликлар кафедраси етакчиси Айнура Кутманова маълумотларига кўра, Исакунов қора ўлат билан касалланганидан олти кун ўтиб касалхонага олиб келинган.
«Бунгача уйда даволашга ҳаракат қилишган. Унинг қўлтиқлари орасига безлар чиқиб бўлганди. Шунинг учун уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмади», — деди у матбуот анжуманида.
Ҳозирда касаллик тарқаган Иссиқкўл областининг Ақсуй районига юқумли касалликлар бўйича мутахассислар юборилган.