Россиялик мухолифатчи Навалний беш йилга қамалди

591

Alexey_Navalny-600x350

Россиянинг Киров шаҳри Ленин туман суди «Кировлес» иши бўйича Алексей Навалний ҳамда Пётр Офицеровни айбдор деб топди. Судланувчилар адвокати ҳукмни юқори инстанцияда шикоят қилишини билдирди.

Мухолифатчи Алексей Навалний «Кировлес» корхонасида 16 млн рубл камомадга йўқ қўйганликда айбланганди.

У билан бирга бу жиноятда айбланган Пётр Офицеров ҳам қамалди. Терговга кўра, Навалний ўғирликни «Вятская лесная компания» бошчиси Офицеров орқали уюштирган.

Маҳкама Навалнийни беш йилга, Офицеровни эса тўрт йилга эркидан ажратди.

Шунингдек судланувчиларнинг ҳар бири 500 минг рубл миқдорида жарима тўлашлари керак.

Ҳакам қарори ўқилгач, Навалний ва Офицеров маҳкама залида қўлга олинди.

Ленининский суд зали яқинида йиғилган мухолифатчи тарафдорлари Навалнийни олиб кетишаётганди  «Алексей Навалнийга озодлик» каби шиорларни ҳайқирди.

Қўлга олинишидан бироз аввал Навалний ўз тарафдорларини «Твиттер» орқали бекор юрмасликка чақирди.

Навалний тарафдорлари ўз ўрнида бутун Россия бўйлаб норозилик акцияларини бошлашни билдирган.

Мухолифатчининг ўзи унга қарши очилган мазкур ишни сиёсий сабабларга боғлаганди — сўнгги икки йил ичида у Россия мухолифатининг энг кўзга кўринарли намоёндаларидан бирига айланишга улгурди.

Айни пайтда, ҳукмни чиқарган ҳакам Сергей Блинов билъакс, мазкур ишда ҳеч бир сиёсий мотив йўқлигини ва судланувчиларнинг айблари тўлиғи билан исботланганини айтди.

Навалний ёқловчиси Светлана Давидова ҳукмни юқори инстанцияда шикоят қилишини билдирди.