«Азия Микс» Юрмалада ўтувчи «КиВиН»нинг гала концертига ўта олмади

661

aziya-miks-na-kivine

КВН бўйича Ўрта Осиё термаси «Азия Микс» Юрмалада ўтувчи «Голосящий КиВиН 2013» таҳририятидан ўта олмади. Фестивал ҳайъати жамоага «нимадир етишмагани»ни билдирди.

Бишкекнинг «Азия Микс» жамоаси КиВиН мусиқий фестивали таҳририяти тарафидан мусобақага қўйилмади — бу ҳақда Россиянинг КВН ўйинлари расмий сайтида ёзилган.

«Жуда ажойиб, қизиқ ўйин тайёрлашибди. Бироқ жамоага нимадир етишмади. Минг афсус, улар ҳам Гала-концертга ўта олмади», — деб ёзилади сайтда.

«Азия Микс» бунгача КиВиН 2013 мусобақаларида иштирок этган ва  унинг натижасига кўра, КВНнинг Олий лигасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Олий лигада Азия Микс чорак финали ўйинларигача етиб борганди  — Қирғизистон тарихида бошқа бирор жамоа бу каби кўрсаткични қайд этишга эришмаган.

Бироқ, Олий лигани тарк этган Азия Микс КВН раҳбарияти уларга Россия ҳақида ҳазил қилишга йўл қўймаганини билдирганди.

 «Биз бу ҳақда гапирмоқчи эдик, бироқ бизга бу сизлар қиладиган иш эмас, бу ҳақда руслар ҳазил қилсин, дейишди», — деганди жамоа сардори Элдияр Кененсаров.

«Голосящий КиВиН-2013» мусобақаларида биринчиликни эгаллаган жамоа КВН Олий лигасига йўлланмани қўлга киритади.

Таҳририятдан сўнг фестивалдан «Кембридж» ҳамда «Физтех» жамоалари ҳам четлатилган.

Гала концертда дунёнинг турли тарафидан йиғилган жами 25 жамоа иштирок этади.

«Голосящий КиВиН» — КВН жамоалари ўртасида Юрмалада ўтувчи мусобақа. Унинг ўзга КВН мусобақаларидан фарқи — жамоалар фақат бир мусиқий дастурни ҳавола этади ва бу учун махсус «КиВиН» совринларига эга бўлади.

«Қувноқлар ва зукколар» — машҳур юмористик ўйини 1961 йили СССРда пайдо бўлган.

1964 йилдан буён уни Александр Масляков олиб боради.

1971 йили ўйинда СССР устидан қилинган ҳазил учун у ёпилган.

Орадан 15 йил ўтиб ўйин қайта эфирга берилган ва шундан буён у собиқ Советлар иттифоқи худудида энг машҳур телевизион шоулардан ҳисобланади.