Ўш: Савдогарлар бозор кўчирилишидан норози

921

мэр

Ўш шаҳар ҳокимлигининг "Бексултан" кичик бозоридаги савдо дўконларини кўчириш ҳаракати бозор эгаси ва савдогарлар норозилигига сабаб бўлди. Бозор эгаси савдо ўрнини бўшатиш бадалига мэриядан 22 миллион сом талаб қиляпти. Шаҳар етакчилиги эса 5 миллион сомдан ошиқ компенсация бермаслигини билдирди.

Ўшнинг Қорасув кўчасидаги марказий бозорнинг бир тарафида янги кўйилган бетон тўсмаларини савдогарлар қулатиб, тижоратни давом этдирмоқда. Уларга кўра, бетон тўсмалар келаётган харидорларга тўсқинлик қилмоқда. Янги тўсмалар бозор жойлашган йулни тартибга келтириш мақсатида ўтuан ҳафта мэрия тарафдан кўйилганди.

"Бексултан" савдо маркази Қорасув кўчасидаги марказий бозорнинг бир тарафида, аниқроғи  Оқбура дарёси бўйида жойлашган.

Мэрия билан бозор етакчилиги ўртасидаги талаш 2012 йилнинг сентябрь ойида бошланганди. Шаҳар ҳокимияти савдо маркази етакчилигидан чеккасидан узунлиги 120, кенглиги 5 метр бўлган жойни йул қуриш учун  бўшатишни талаб қилмоқда. Мэрия бу ерни сарбаст баҳоловчилар ҳисоби билан 5 миллион сомга баҳолаган. Бозор етакчилиги бу баҳога норози. Улар сарфланган чиқим 22 миллион сом бўлганини таъкидламоқда.

Бозор эгаси Керим Сурапбаев мэрия улар сўраган пулни берса, жойни бўшатиб беришга тайёрлигини айтади:

- 2012 йилнинг сентябрь ойида мерия мустақил баҳоловчиларни олиб келиб, менинг мулкимни кўрсатибди. Бироқ бу учун мендан рухсат сўралган эмас. У баҳоловчи мэрияга тортишган одам бўлса керак, талаш бўлаётган жойни 5 миллионга баҳолабди. Бу нотўғри баҳо. Сабаби, гўшт сотиладиган павильонни қуриш учун 8 миллион сом сарфладим. Одамларга контейнер сотганман, шу пулларни қайтаришим керак. Мен мэриянинг баҳосига ишонмай, 3 марта ўзим мустақил баҳоловчиларни чақирдим. Бири 30 миллион сомга, иккинчиси 17 миллионга, яна бири 22 миллионга баҳолади. Мен ўртача баҳони танлаб, 22 миллион сом талаб қилмоқдаман. Агар шу пулни беришса, мен улар сўраган жойни бўшатиб беришга тайёрман.

Бозорнинг талашга тушган худуди шаҳар бош режасига лойиқ йул қуриш учун бўшатилиши лозим. Шаҳар етакчилиги ушбу режага асосланмоқда.

Йул кенгайиши учун бозордаги 60га яқин контейнер олиниши зарур. Контейнер эгалари бундай ҳаракатдан норози. Улардан бири Нуржамал жой учун тўлаган пулини қайтариб бермагунларича, бозордан кетмаслигини айтмоқда:

- Мен контейнерни етти ярим минг долларга сотиб олганман. Ерни бўшат деса, бўшатиб берармидим? Менинг пулимни қайтаришсин. Кейин мен жойни бўшатаман. Пулни мэрия берадими, бозор эгасими, менга барибир. Фақат қайтаришса бўлди.

Ўш етакчилиги савдогарларга Жапалақ худудий кенгашда қурилаётган янги бозордан жой берилишини ваъда қилмоқда. Шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ушбу ваъдани тожирлар билан учрашув вақтида шахсан билдирди. Шаҳар етакчиси бозор эгаси Сурапбаевнинг даъволари ўринсиз эканини ҳам таъкидлаб ўтди:

- Ўша вақтдаги шаҳар етакчилиги қонунни бузиш йули билан бу ерни шахсийлаштирган. Бизга уч-тўрт одамнинг манфаати эмас, ярим миллион яшовчининг манфаати устун. Биз савдогарларнинг йўлини тўсмаймиз. Жапалақда қурилаётган бозордан барчасига савдо ўринларини берамиз, лекин шаҳар кўрки учун ҳаммамиз жавобгармиз. Ўш фақат меники эмас, халқники. Мен шаҳар бошчиси сифатида Ўшни замонавийлаштиришга ҳаракат қиляпман.

Маълумотларга кўра, талаш бозорнинг ўрнида 2007 йилгача 113 – касб-ҳунар лицейи бўлган. Унинг айланаси аввалдан марказий бозор ҳисобланган. Аталган ўқув маркази бошқа худудга кўчирилиб, ер "Бексултан" бозорининг эгаси Сурапбаевга сотилган. У пайтда шаҳар бошчиси Жумадил Исаков бўлган.

Тарафлар бу масалани суд орқали ечишни маъқул кўришмоқда. Ҳозирги кунда иш шаҳар суди тарафидан қаралмоқда.

Бозор оралаб ўтган Қорасув кўчасини кенгайтирилиб, аэропортга олиб борадиган йўлга қўшиш ишлари ўтган йили бошланган. Ҳозирда бу ерда тижорат ҳам, йўл қуриш ишлари ҳам  қизғин кетмоқда. Аталган бозорда озиқ- овқатдан тортиб, кийим-кечаккача сотилади.

Муаллиф: Нурулло Юлдашев
Муҳаррир: Ҳулкар Исамова