Жогорку Кенеш депутати Балбак Тулобоев Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи шаҳар мэри Бақит Шаршеев бир ҳафтадан бери ишга келмаётганини айтди. Бу ҳақда депутат парламент ялпи мажлисида айтиб ўтди.
Унинг айтишича, Шаршеев ғойиб бўлган ва шаҳар мэрия назоратисиз қолган.
«Бир ҳафтадан бери Балиқчи шаҳар мэрини топа олмаяпмиз. У умуман йўқ. Мэрнинг ўринбосари ҳибсга олинган. Балиқчи назоратсиз қолди. Мэрни топсанглар топиб, ўрнига ўтқизинглар, тополмасанглар ўша бўйича кетказиб, вице-мэрни сайланглар. Қиш келмоқда. Мана кеча губернаторимиз [Алтинбек Сулаймонов] ҳам кетди», — деган депутат.
Балиқчи шаҳар мэриясининг матбуот хизмати «Клооп»га Шаршеев ўз хоҳишига кўра муниципалитет раҳбари лавозимидан кетиш ҳақида ариза ёзганини маълум қилди. Бироқ шаҳар мэри қачон истеъфога чиққани номаълум. Қолаверса, Шаршеев ўз лавозимидан четлаштирилгани ҳақида ҳали расмий ҳужжат йўқ.
Муниципалитетнинг қўшимча қилишича, вақтинча мэр вазифасини шаҳар мэрининг ўринбосари Бегаим Алгожоева бажаради, лекин бу расмий эмас.
Бакит Шаршеев Балиқчи шаҳрининг мэрлик хизматига 2022-йилнинг июлида тайинланган. Бунга қадар «Манас» аэропортининг бош директорлик хизматини бажарган. 2013-2015-йиллари Шаршеев Жогорку Кенешнинг ҳам депутати бўлган.