Депутатлардан ташкил топган комиссия криминал авторитет Азиз Батукаевнинг муддатидан аввал бўшатилишини текширишни тугатди. Улар вице премерни, ИИМ бошчисини, ЖЎДХ ва Бош прокуратура етакчиларини ишдан бўшатишни таклиф қилди.
Криминал авторитет Азиз Батукаевнинг муддатидан аввал бўшатилишини текширган комиссия ўз ишини якунлади. Комиссия аъзолари куч тизимлари бўйича вице-премьер Шамиль Атахановни, ИИМ бошчиси Абдилда Суранчиевни, Жазони ўташ давлат хизмати бошчиси Зарилбек Рисалиев ва Бош прокурор Аида Саляновани ишдан бўшатиш таклифини олға сурди.
Комиссия шунингдек Салянова ва Суранчиев ўринбосарларини ҳам хизматидан четлатишни таклиф қилди.
Комиссия кўра, мазкур мулозимларнинг барчаси Батукаевнинг қамоқдан озод қилиниши ва давлатни тарк этишига алоқадор.
Бу маълумотни Kloop.kg билан суҳбатда комиссия аъзоларидан бири, депутат Турсунбай Бакир уулу тасдиқлади.
Унга кўра, комиссия таклифи унинг аъзолари тарафидан бир овоздан қабул қилинган.
«Бир неча чақирувларнинг депутати қатори мен комиссия таркибига кирган аъзоларнинг бир овоздан сўнгги қарорга қўл қўйганини эслай олмайман. Бу сафар комиссиянинг ҳар тўққиз аъзоси қўл қўйди», — деди Бакир уулу.
Комиссия шунингдек Миллий хавфсизлик давлат хизматига коррупция бўйича жиноий иш очишни ҳам таклиф қилди.
Куч тизимлари бўйича вице-премьер Шамиль Атаханов депутатлар комиссияси мулозимлар айбини исботламай туриб уларни хизматдан четлатишни таклиф қилиб, беайблик презумпциясини бузганини айтади.
«Комиссия фаолияти давомида мен улар айбловларини исботловчи мантиқий хулосани кузата олмадим. Комиссия ҳайаъти тарафидан бирорта ҳам далил, факт келтирилмади», — деди Ататханов Kloop.kg билан суҳбатда.
Жазони ўташ давлат хизматидан масала бўйича изоҳ олишнинг имконияти бўлмади.
Норин шаҳар суди 9 апрел куни Батукаевнинг қонида лейкоз касаллиги топилгани учун уни қўйиб юборганини ҳақида Олий суд матбуот хизмати 10 апрел куни эрталаб маълумот тарқатганди.
«Махсус тиббий комиссия ва №24 кучайтирилган режимдаги колония шифокорлари жорий йилнинг 28 мартида Азиз Батукаевга “Оғир лейкоз” диагнозини қўйишган», — хабарланганди Олий суд матбуот релизида.
Батукаевни муддатидан аввал бўшатиш ҳақидаги таклиф билан Норин шаҳар судига колония ижрочи бошчиси мурожаат қилгани айтилган, бироқ унинг исм-шарифи матбуот релизида кўрсатилмаганди.
Норин шаҳар суди ўз қарорини чиқаришда Қирғизистон жиноий процессуал кодексининг 363 моддасига таянган — моддада маҳбус оғир касалга чалинса муддатидан аввал озодликка чиқарилиши мумкинлиги айтилади.
Батукаев 2008 йилдан буён Норин шаҳар 24 рақамли кучайтирилган тартибдаги қамоқда сақланилаётган эди.
У Аламедин район суди тарафидан қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йил ва 8 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.
Унга қўйилган айбловлар ичида оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ноқонуний равишда қурол сақлаш моддалари ҳам бор эди.