«Институт Медиа Полиси» ижтимоий жамғармаси Ички ишлар министри Абдилда Суранчиев педефолияда гумонланаётган «Озодлик» мухбири исмини ошкор қилиб, қонунни бузганини билдирди. ИИМ бу маълумотни рад этди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Суранчиев Жўғўрқу Кенеш йиғинида педофилияда айбланаётган РСЕ/РС — «Озодлик» радиоси мухбири номини ошкор қилган ва бу билан конституцияни бузган.
«Балки айбсиз бўлган кимсанинг исмини ошкор қилишлик унга жисмоний ва маънавий зарарларни етказибгина қолмай, ҳақиқий жиноятчининг жазодан қутилиб қолишига ва ўз жиноятини давом эттиришига олиб келиши мумкин», — деб ёзилади жамғарма тарқатган баёнотда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар бир инсон айби маҳкама тарафидан тасдиқланмагунча, унинг беайб экани ҳақида айтилувчи қонунга таянмоқдалар.
ИИМ матбуот хизмати ходими Эрнис Осмонбаев Kloop.kg билан суҳбатда жамғарма билдирувларини рад этди.
«Агар у исмини ошкор қилганида барча журналистлар аллақачон уни кимлигини ёзиб чиққан бўларди. Биздаги маълумотларга кўра, бундай бўлмаган. Улар қаердан исм зикр қилинганини эшитгани менга қоронғу», — деди у.
«Озодлик» радиосининг ўзбек хизмати журналисти 26 май куни Ички ишлар министрлигининг Биринчи май туман бўлими ходимлари тарафидан қўлга олинган эди. Сўроқдан сўнг эса журналист қўйиб юборилган.
Тергов талқинига кўра, у вояга етмаган болани икки йил давомида мунтазам равишда «зўрлаб келган».
Журналистга қарши жиноят кодексининг «Жинсий муносабатларга мажбур қилиш» ва «Вояга етмаган кимса билан жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий характердаги ўзга ҳаракатлар» биндлари бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Мазкур жиноятларда айбланган шахс беш йилгача қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин.
«Московский комсомолец» газетаси бош муҳаррири Улугбек Бабакулов журналист билан можаро «буюртма» бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмайди.
«Бу ўзбек махсус хизматларининг буюрмасига кўра ёки маълум бир миллатга қарши бошқа миллат вакилларини қаршилаш учун қилинган ҳийла бўлиши мумкин», — деб ёзади у ўзининг «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.