Соғлиқни салаш министрлиги 3 май куни Америка учоғи қулаган ердан сувни ичиш инсон соғлигига зарар келтирмаслигини билдирди.
Америка самолёти қулаган Аспара анҳори сувидан ичиш ҳеч бир зарарга сабаб бўлмайди, — бу ҳақда Соғлиқни сақлаш министрлиги экпертиза департаменти шифокори Нина Васнева хабар қилди.
Шифокор сўзларига кўра, яшовчилар сувдан керосин ҳиди келаётгани учун нолимоқда.
«Аҳоли ҳеч қачон керосин ёки бошқа нефт маҳсулотлари ҳиди келувчи сувни истеъмол қилмайди», — деди Васнева.
У министрлик тарафидан яна бир экспертиза ўтишини қўшиб ўтди.
Бироқ маҳаллий яшовчилар сувни истеъмол қилганлар заҳарланганларини билдиришмоқда.
Маҳаллий депутат Айдарбек Алибаев сўзларига кўра, заҳарланган сув туфайли улар қишлоғида мевалар ўсмай қўйган.
«Олма, шафтоли, ўрик — ўсмай қўйди, барчаси барбод бўлди. Энди бошқа ерлардан сув ташишга ва чорвани суғоришга мажбур бўляпмиз», — деди у.
Америка ҳаво кучларига қарашли KC-135 учоғи Чуй вилоятининг ғарбида ҳалокатга учраганди.
У 3 май куни АҚШ ҳаво кучлари тарафидан Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар учун қўлланиладиган «Манас» Транзит юк ташиш марказидан учиб чиққандан сўнг қулаган.
Фожеа гувоҳига айланган маҳаллий яшовчилар учоқнинг ҳавода портлагани ва учга бўлиниб ерга тушганини айтишганди.
Ҳодиса жойига борган Панфилов туман давлат маъмурияти бошчиси муовини Канат Давлетов ҳам учоқ ҳавода портлаганини ва учга бўлиниб ерга қулаганини тасдиқлаганди.
Мухбирга кўра, самолётнинг бош қисми тоғ устига қулаган ва қутқарувчилар тарафидан энг охирида топилган — тоғнинг энг юқори қисмига қулаган учоқнинг бош қисми тўлиғи билан куйиб кетган.
Экипаж аъзоларининг тақдири кўп вақтгача мавҳум қолаётган эди — учоқ ҳалокатга учрагандан сўнг улар бедарак йўқолган деб тахмин қилинаётган эди.