Бишкек-Ўш автойўлидаги микроавтобус ва бензовознинг тўқнаши 4 киши ҳаётига зомин бўлди. Яна 15 киши касалхонага ётқизилди, улар орасида 5 кишининг аҳволи оғир.
Автоҳалокат Чуй областининг Москва районидаги Садовое қишлоғида 16 апрел куни рўй берган — «Мерседес-Бенц» ва юк ташувчи машинанинг тўқнаши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди.
Фожеада тирик қолган барча йўловчилар Москва район худудий касалхонасига олиб борилган.
«Ҳозирги маълумотларга кўра, машиналарнинг биттаси қарама-қарши йўлга чиқиб кетган», — деб ёзилади ИИМ сайтида.
Милиция ҳалок бўлган йўловчиларнинг фақат биттасини шахсини аниқлашга улгирган — у бишкеклик Салима Нурмиева. Қолган уч ҳалок бўлган йўловчининг шахси ҳозирча белгисиз.
«Қурбон бўлган яна уч кишининг шахси аниқланяпти: бу 30-35 ёшдаги осиёлик ташқи кўринишдаги эркак киши, 35-40 ёшдаги европа миллатига мансуб аёл киши ва 30-35 ёшдаги осиёлик ташқи кўринишдаги эркак киши», —деб хабар қилди ИИМ.
Ҳар иккала машина ҳайдовчилари тирик қолган. Микроавтобус ҳайдовчиси касалхонада соқчилар назорати остида даволаняпти.
Москва район ички ишлар бошқармаси «йўл ҳаракати қоидаларини бузишлик» банди бўйича жиноий иш қўзғаган.
Фожеа юзасидан суд тиббиёт ва автотехник экспертизалари белгиланган.
Москва район худудий шифохонаси бошчиси Кенже Джамбурчиева Kloop.kg билан суҳбатда касалхонага олиб келинган йўловчиларнинг 5 нафари реанимация бўлимида эканини ва уларнинг иккитаси аҳволи «ўта оғир», қолган уч киши «оғир» аҳволда эканини билдирди.
Касалхонага олиб келинган яна бир киши уни 16 апрел куни тарк қилган.
Қолган йўловчилар касалхонанинг травматология бўлимига ётқизилган.
Авторы: Зарема Султанбекова