Россия: Терговчилар «Вконтакте» ижтимоий тармоғида тинтув ўтказди

584

IMG_5755
«Вконтакте» ижтимоий тармоғининг Петербургдаги офисида тинтув ўтказилди.

«Вконтакте» ижтимоий тармоғининг Санкт Петербургдаги офиси ва тармоқ асосчиси Павел Дуров уйида 16 апрел куни тинтув ўтказилган.

Россия тергов комитети журналистларга тинтувга тармоқ офиси яқинида 5 апрел куни Йўл патрул хизмати ходимининг машина билан уриб кетилиши сабаб бўлганини тасдиқлади.

Россиялик журналистларнинг хабар қилишича, мазкур фожеага тармоқ асосчиси Дуров алоқадор бўлиши мумкин — айрим маълумотларга кўра, инспекторни уриб кетган машина Дуровга тегишли бўлган.

Терговчилар тинтувни видеоназорат ёзувларини олганидан сўнг тўхтатишган.

Тергов комитети ҳозирча Дуровга нисбатан айбловлар қўйгани йўқ.

««Мерседес» автомобили ҳайдовчиси полиция хизматчисининг тўхташ ҳақидаги буйруғига бўйин сунмай уни уриб, қочиб кетган ва бунинг оқибатида инспектор тана жароҳатлари олган», — деб ёзилади комитет тарқатган баёнотда.

«Вконтакте» вакиллари ўз бошчисининг фожеага алоқадорлиги борлигини рад этмоқдалар.

«Вконтакте» 2007 йилда очилган ва собиқ Советлар иттифоқи давлатларида энг машҳур ижтимоий тармоқлардан ҳисобланади.

Унинг асосчиси Павел Дуров 2011 йилда мухолифат саҳифаларини ижтимоий тармоқдан ўчиришдан бош тортгандан сўнг кўпчилик эътиборини қозонганди.