Махсус хизмат ходимлари ва милиционерлар ўртасида кечган можаро тафсилотлари 12 апрел куни Бишкек прокуратурасига юборилди. Далилларни текшириб чиққач, назорат органи жиноий иш қўзғаш масаласини ҳал қилади.
Пойтахт прокуратураси 16 апрел куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда Ички ишлар министрлиги ходимлари ўртасида ўтган ҳафтанинг жума куни кечган жанжални текширишини хабар қилди.
Бишкек прокурори муовини Алмаз Тайсалов Kloop.kg билан суҳбатда фактлар текширишини ва бундан келиб чиқиб жиноий иш очиш ёки очмаслик масаласини ҳал қилишини билдирди.
«Ҳозир текширувлар кетяпти. Унинг натижаларига кўра биз жиноий иш очиш ёки очмаслик масаласини қараб чиқамиз. Жиноят кодексида бу учун 10 кун муҳлат берилади», — деди у.
Ҳуқуқ тартибот органлари орасидаги можаро Бишкекда, МХДҚ антикоррупцион хизматининг Республика ички ишлар бошқармаси икки ходими Эркин Мамбеталиев ва Тилек Сарбашевларни 20 минг сом миқдорида пора билан қўлга олаётган пайтда рўй берганди.
Махсус хизмат тарқатган баёнотга кўра, пора билан қўлга тушганлар воқеа жойига ҳамкасбларини чақиришган ва улар ўз ўрнида Эркин Мамбеталиев ва Тилек Сарбашевларни қўлга олишга тўсқинлик қилишган.
Баёнотда шунингдек гумондорларни махсус хизмат ходимлари тарафидан осмонга отилган икки ўқдан сўнг қўлга олингани ёзилади.
Айни пайтда ИИМ қўмита ходимларининг милицияга қаратиб ўқ узганини таъкидлаб, ярадор милиция ходими суратини тарқатди.
Махсус хизмат эса ўз ўрнида ИИМ Свердлов район бошқармаси бошчиси муовини ўз хонасида тинтув учун келган МХДҚ ходимларини калтаклашга рухсат бергани ҳақида баёнот тарқатди.
Ҳозир Республика ички ишлар бошқармаси Свердлов район бошқармаси бошчиси Айбек Нусубалиев вақтинчалик ҳизматидан четлатилган.
Авторы: Александра Ли