Бишкекдаги олийгоҳ ректори пора билан қўлга олинди

594

Ижтимоий тараққиёт ҳамда тадбиркорлик институти ректори Рискелди Табишев пора олганидан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари тарафидан қўлга олинди.

Олийгоҳ ректори 12 феврал куни қўлга олинди. МХДҚ тарқатган баёнотга мувофиқ, Табишев давлат имтиҳонини топшираётган талабалардан яхши баҳо учун пут талаб қилган. У 18 минг сом пора олгандан сўнг қўлга олинди.

«Ижтимоий тараққиёт ҳамда тадбиркорлик институти ректори Рискелди Табишев жиноят устида қўлга олинди», — деб ёзилади МХДҚ тарқатган баёнотда.

Ректорга қарши хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ва пора талаб қилиш бандлари бўйича икки жиноят иши очилди.

МХДҚнинг ўзини таништиришни истамаган ходими Kloop.kg билан суҳбатда маҳкама эндиликда олий ўқув юртларидаги порахўрликни диққат билан кузатиб, унга қарши курашишини айтди.

«Биз коррупцияга қарши амалиётларни кучайтирамиз. Бу нафақат ректорларга, балки олийгоҳнинг барча ходимларига тегишли», — деди матбуот хизмати ходими.

Маориф министрлиги матбуот котиби Керез Жукеева агар хавфсизлик хизматидан ректорнинг жиноятга алоқадорлиги ҳақида расмий мактуб келса, унинг вақтинчалик ишдан олинишини айтди.

Котиб агар маҳкама ректорнинг порахўрликка алоқаси борлигини аниқласа, унда Табишев таълим соҳасида бошқа ишлолмаслигини қўшиб ўтди.

«Агар бу факт тасдиқланмаса, уни қайта ўз лавозимига тиклашади», —деди Жукеева.

Ҳозирда Табишев МХДҚнинг вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланмоқда.

Ижтимоий тараққиёт ҳамда тадбиркорлик институти бошқармасидан масала юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.