Бакиевларга чиқарилган ҳукм: Жаниш — бир умрлик, Курманбек — 24 йиллик қамоққа ҳукм қилинди

425

Бишкекнинг ҳарбий суди 2010 йилги инқилобда ҳокимиятдан қувилган президент Қурманбек Бакиевни сиртдан 24 йиллик қамоқ жазосига, унинг укаси, Давлат хавфсизлиги хизмати бошчиси Жаниш Бакиевни бир умрлик қамоқ жазосига лойиқ деб топди. Уларнинг иккаласи президент аппарати собиқ бошчиси Медет Садирқуловнинг ўлимига алоқадор деб топилди.

Қурманбек Бакиев икки ҳолат бўйича ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилган деб топилди.

Ҳар иккала жиноят учун ҳокимиятдан қувилган президент мол-мулкини мусодара қилиш ва 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унинг кучайтирилган режимдаги қамоқда сақланиш муддати жами бўлиб 24 йилни ташкил қилди.

Жаниш Бакиев маҳкама тарафидан қуйидаги жиноятларда айбдор деб топилди:

• Қотиллик;
• Зўрлаш;
• Одам ўғирлаш;
• Жиноий тўдаларни ташкил қилиш;
• Марҳум танасини устидан таҳқирлаш.

Оғир ва ўта оғир жиноят содир этгани учун, суд Жаниш Бакиевни «генерал-лейтенант» ҳарбий унвонидан маҳрум қилди.

Бакиевлар адвокати Гулнара Турдумамбетова масала юзасидан изоҳ беришни истамади.

Жабрланган тараф вакили Леонид Лужанскийдан ҳам шарҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ҳуқуқшунос Кубаничбек Ташбалтаев Бакиевларга ҳукм чиқарилгандан сўнг ҳам Белоруссия уларни Қирғизистонга топширмайди, деб ҳисоблайди.

«Айблов ҳукми чиқарилгандан сўнг, ҳеч қачон экстрадиция қилиш масаласи кўтарилмайди», –дейди Ташбалтаев.

Ҳуқуқшунос экстрадиция масаласини кўтаришдан аввал қуйидаги факторлар қаралишини айтади:

• Маҳкаманинг жиноят ишини қарашда холислиги;
• Прокурорнинг қўйган айбловларининг объктивлиги;
• Давлатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши;
• Қирғизистоннинг у ёки бу халқаро пактга қўшилганлиги:

«Давлат ўз қонун чиқариш тизимини халқаро нормаларга мосламас экан, бериш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас», – дейди Ташбалтаев.

Курманбек ҳамда Жаниш Бакиевлар 2010 йилги инқилобдан сўнг қидирувга берилган.

Мамлакатдан қочгандан сўнг Қурманбек Бакиев Белоруссиядан қўним топган ва у ернинг фуқоролигини олган.

Президент укасининг қаердалиги яқин вақтларгача мавҳум қолаётган эди, бироқ 2012 йилнинг августида у ҳам Белоруссияда экани аниқланди.

Белорус ҳукумати Бакиевларни Қирғизистонга беришдан бош тортиб келади.