Олий суд Жўғўрқу Кенеш маъмуриятининг бир йилдан буён депутатлар маоши миқдорини кенг оммадан яшириш мақсадида олға сураётган даъвосини қондириб, парламентарийлар ойлик ҳаққи ҳақидаги маълумотни очиқлашни тақиқлади.
Жўғўрқу Кенеш маъмурияти ҳуқуқ ҳимоячилари билан бир йилдан ошиқ баҳслашган маҳкама ишини ютиб чиқди — Олий суд парламентарийлар ойлик маошлари ҳақидаги маълумотни очиқлашни маън этди.
Бир йилдан ошиқ депутатлар маошини очиқлашни талаб қилиб судлашган «Прецедент» партнерлик гуруҳи бошчиси Нурбек Токтакунов судя чиқарган ҳукмдан «афсусда» эканини айтди.
У Олий суд қарорига Жўғўрқу Кенеш маъмурияти таъсир ўтказганини таҳмин қилади.
Унга кўра, таъқиқ ҳақида қарор чиқарган маҳкама судялари маъмурият тарафидан “сотиб олинган” бўлиши мумкин.
«Аксар депутатлар бу маълумотнинг очиқ бўлишини айтаётган бир пайтда, Жўғўрқу Кенеш маъмурияти бу қарор чиқарилишини талаб қилиб туриб олди. Фикримча, улар коррупцион механизмларни ишга солишди», — деб ҳисоблайди юрист.
Нурбек Токтакунов маъмурият ичидаги «молиявий ҳийлалар» туфайли Жўғўрқу Кенеш таъқиққа эришиш учун ҳаракат қилаётганини айтади. Юрист айнан қайси ҳийлалар ҳақида гап бораётганига очиқлик киритмади.
«Коалиция за демократию и гражданское общество» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ходими Азамат Адилов ҳам қарордан норози эканини айтди.
Олий суд матбуот хизматидан қарор юзасидан изоҳ олишнинг имконияти бўлмади.
Жўғўрқу Кенеш маъмуриятининг ҳуқуқий масалалар бўйича комимети вакили Олий суд қарори ҳақидаги маълумот уларда йўқлиги учун, депутатлар маоши тўғрисидаги маҳкама қарорини шарҳлай олмаслигини билдирди.
Аввалроқ Жўғўрқу Кенешнинг суддаги вакили Эрнис Бакиев депутатлар маоши ҳақидаги маълумот фақат хизмат учун очиқланиши мумкинлигини ва омма учун ошкор этилмаслини даъво қилганди.
Бироқ Бакиев Жогорку Кенеш ишлари бошқармаси депутатлар розилиги ёки Олий суд қарорига кўра бу маълумотларни ошкор қилишга тайёр эканини билдирганди.