Ҳукумат кўчаларда компакт-дисклар сотувини тақиқлади

624



Ноқонуний маҳсулотлар сонини озайтириш мақсадида Қирғизистон ҳукумати кўчаларда, ер ости ўтиш жойларида, бозорларда дисклар сотишни маън қилди. Сотувчиларнинг ўзлари қўйилган тақиққа қарши.

Бундан буён ҳар қандай дисклар сотуви махсус савдо марказларида бўлиши керак — бу қоидани Қирғизистон Бош вазири Жанторо Сатибалдиев ўз қарори билан 26 сентябр куни кучга киритди.

Дисклар сотуви маън қилинган жойлар қаторига кўчалар, ер ости ўтиш жойлари, автомобиллар, бозорлар, аравалар, дўкончалар ва ҳар қандай йиғилиб-бузилувчи конструкциялар кирди.

«Клооп» мухбирлари тарафидан ўтказилган сўровда қатнашган диск сотувчилари Бош вазир қароридан норози эканларини билдирдилар. Улар фикрига кўра, сертификатланган дискларнинг баҳоси юқори бўлгани учун кўпчилик уни сотиб оломайди.

«Биздаги одамлар сертификациядан ўтган маҳсулотларни сотиб олишга қурби етмайди. Бизда бир дона дискнинг баҳоси 50 сом, ҳудди шу дискнинг сертификатлангани 800 сом. Ким бу нархдаги дискни олади?», — дейди Бишкекнинг ЦУМи яқинидаги бекатда диск сотувчи Сергей.

Сургей фикрига кўра, дисклар сотуви кўчаларда бундан буён ҳам давом этади, фақат тижоратчилар бу учун пора беришга мажбур бўладилар.

Ҳудди шундай фикрни ўз исмини ошкор қилишни истамаган ер ости ўтиш йўлида савдо қилувчи диск савдогари ҳам билдирди — унга кўра, ҳукумат аввалан инсонларни иш билан таъминлаши керак ва ундан сўнг бу каби қарорларни жорий қилиши тўғри бўлади.

«Албатта, нимаики йўқотсак биз йўқотамиз, бунинг устига бошқа иш ҳам йўқ. Биз буни [дискларни] сотиб кун кечирамиз. Ҳукумат биринчи бизни иш билан таъминлаши керак», — деди у «Клооп» билан суҳбатда.

«Клооп» мухбирлари ўтказган сўровда қатнашган тижоратчиларнинг қарийб барчаси ҳукумат қароридан норози эканларини билдирдилар.

Шунингдек ноқонуний маҳсулотларни сотиб олиш учун келган харидорлардан бири ҳукуматнинг «тушуниб бўлмас» сиёсат олиб бораётганини ва «фуқоролар ҳаётида умуман қатнашмаслигини» айтиб, бу яхшиликка олиб келмаслигини башорат қилди.