Бишкекдан Лондонга бўлган авиақатнов октябрдан ёпилди

439



Британиянинг Би-эм-ай (BMI) ширкати 1 октябрдан Бишкек-Баку-Лондон йўналиши бўйича йўлга қўйилган авиақатновларини тўхтатди. Қирғизистонда бу қарорни ширкат бошчисининг ўзгаргани ва парвознинг норентабеллиги билан изоҳладилар.

Транспорт ва коммуникация вазирлиги қошидаги фуқоролар авиацияси агентлиги бошчиси Ақилбек Жумабаев авиақатновнинг тўхташига унинг ўз ҳаражатарини қоплолмаётгани бўлганини билдирди.

«Би-эм-айнинг парвозларни тўхтатишига сабаб, мазкур йўналиш бўйича йўловчилар оз. Бошқа яна бир сабаби, ширкатни бошқа компания сотиб олган ва бошқарувчиларни ўзгартирган, улар йўловчилар сонини ҳисоблаб, шу қарорга келишди. Бу қатнов улар учун керакли фойдани бермади», — деди мутасадди.

Унинг сўзларига кўра, Бишкек-Баку-Лондон ўртасидаги бир парвоз компанияга 100 минг долларга тушаётган бўлган. Бу ҳаражатни қоплаш учун ширкат ҳар бир қатновга энг камида 100 билет сотиши керак бўлганини ва бу сондаги йўловчилар доим ҳам бўлавермаслигини айтади Жумабаев.

Маълум бўлишича, яқин орада BMI Бишкек-Баку-Лондон йўналишидан ташқари яна 9 авиақатновни тўхтатмоқчи.

Қарор ёзда қабул қилинган

«Кыргыз Концепт» сайёҳлик ширкати бошқарувчи директори Данияр Аманалиев Би-эм-ай Бишкек-Баку-Лондон йўналиши бўйлаб парвозларни тўхтатиш қарорини жорий йилнинг июн ойида қабул қилганини айтади. Қатнов тўхтатилишининг яна бир сабаби қатори у ширкатнинг авиацион режалари ўзгарганини кўрсатади.

Бишкек-Баку-Лондон ўртасидаги авиақатнов ҳафтасига уч марта амалга оширилаётган эди. Озарбайжон пойтахтида қўнган самолет янги йўловчиларни қабул қиларди ва Лондон сари парвозида давом этарди.

Бишкекдан Лондонга бўлган ягона тўғридан-тўғри рейс тўхтатилгандан сўнг, эндиликда Англия пойтахтига Москва ёки Истамбул орқали учиш мумкин. Қатновлар «Аэрофлот» ва «Турк ҳаво йўллари» ширкатлари тарафидан уюштирилган.