ОФК президенти кубоги: «Дордой» биринчи ўйинни майдон эгаларига бой берди

712


Футбол бўйича Қирғизистон чемпиони «Дордой» ОФК президенти кубогига мезбонлик қилаётган Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоасига 0:2 ҳисобида ўйинни бой бериб, Осиёнинг энг паст рейтингли жамоалари иштирок этувчи мусобақа финалига йўл олиш имкониятини чеклади.

«Истиклол» ўйиннинг 38 дақиқасида ўзининг ҳимоячиси Даврон Эргашевнинг бош билан киргизган голидан сўнг ҳисобда олдинга чиқди.

Ўйиннинг 52 дақиқасида ҳакам истиқлоллик ҳимоячи ўз жарима майдонида қўли билан ўйнагани учун, мезбонлар дарвозасига пеналти белгилади ва «Дордой» учун ҳисобни тенглашга яхши вазият туғилди.

Ўйин қоидаларини бузган «Истиклол» ҳимоячиси Соҳиб Саванқулов ўйиндан четлатилди, бироқ дордойлик Азамат Байматовнинг 11 метрлик жарима тўпини қайтарган «Истиклол» дарвозабони Алишер Туйчиев жамоаси жонига оро кирди.

Дарвозабон маҳоратидан илҳомланган мезбонлар камчилигига қарамай ҳужумга киришдилар ва орадан 7 дақиқа ўтгач ҳисобни йириклаштирди.

Мезбонлар ярим ҳимоячиси Махмадали Садиков ўнг қанотдан бошлаган ҳужумини ўзи гол билан якунлади — ҳисоб 0:2.

Ўйин охирида дордойликлар учрашув суръатини оширдилар, бироқ улар уюштирган кўплаб ҳужумлар ўз самарасини бермади.

Асосий даъвогарлар

Осиё футбол конфедерацияси расмий сайтига кўра, «Дордой» ва «Истиклол» мазкур мусобақанинг энг кучли жамоалари ҳисобланади.

Бироқ қуръа ҳар иккала клубни бир гуруҳда ўйншларини кўрсатди.

Мусобақа қоидаларига кўра, финалга ҳар икки гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган битта жамоа йўл олади.

Ҳар гуруҳда учтадан жамоа иштирок этиши ҳисобга олинса, «Истиклол»га бой берилган ўйин «Дордой»нинг финалга бўлган йўлини қийинлаштиради.

Бугун ўйнаган ҳар иккала жамоа кейинроқ Камбоджиянинг «Пномпень Краун» жамоасига қарши ўйинга тушади.