«Бизга бу хитойлар керак эмас, биз бутун умр чорвачилик билан шуғулланиб келмоқдамиз ва бундан кейин ҳам шундай яшаймиз. Улар эса бизнинг ерларимизни қазиб, бизнинг олтинни олиб, экологияни бузишмоқда, чорва моллари нобуд, болалар касал бўлмоқда!»— деб жаҳл билан қичқирди от минган киши. Тоғ этагида тўпланган оломон бу гапларни маъқуллаб, ҳуштак ва қичқириқлар билан қарши олди. Атрофда чанг кўтарилиб турибди, бетартиб тўхтатилган машиналар орасидан қалпоқ кийган отлиқлар чопиб ўтмоқда. Уларнинг орқасида, деразалари синдирилган булдозер тоғдан тушиб бормоқда, бир йигит унинг ойнагидан ташқарига қараб ҳамма нарсани смартфон камерасига тасвирга ола бошлади. «Шу тарзда биз хитойларни ҳайдаб чиқараяпмиз» -, деди у ҳаяжон билан. Булдозернинг орқа ойнасидан Қирғизистон байроғи чиқиб турибди.
Тоғнинг тепасида сарғиш бўз рангли комбинезон кийган бир гуруҳ одамлар тузоқдан қочишга ҳаракат қилишмоқда - бир томонда оқ чўққи тоғлар, иккинчи томонда ғазабланган оломон. Томонлар гуруҳ рақсидаги каби орқага-олдига тинибсиз жилиб, бир-бирларини қувишмоқда. Тошлар ҳар икки йўналишда ҳам, иккала томон қараб учиб кетмоқда. Сарғиш рангли комбинезончилар атрофида қалпоқлар ва Қирғизистон байроқлари бор - улар қаршиликдан ғазабланиб, бу ҳудудни куч билан забт этишга тайёр. Милиционерлар вазиятни назорат қилиш учун етарли эмас.
«Ҳаммаси тинч йўл билан ҳал қилиниши мумкин эди, аммо хитойликлар бизга тош отишни бошладилар ва бунга жавоб олдилар. Улар биринчи бўлиб ҳужум қилишди», — деди юзидан оқаётган қонни ҳам пайқамай, можаро иштирокчиларидан бири ғазаб билан.
Хитойликлар — Нориндаги Солтон-Сарида конида ишлайдиган олтин қазиб олувчи инвестор,Zhong ji Mining компаниясининг ишчилари. Компания ушбу конни ишлатиш ҳуқуқини 2009 йилда олган, инфратузилмани эса жорий йилдан қуришни бошлаган. Аммо бу вақт ичида компания қўшни «Кыргызалтын» ишхонаси йигирма йиллик меҳнат давомида қуришга муваффақ бўлганидан кўра кўпроқ объектлар қуришга муваффақ бўлган.
Маҳаллий аҳолига эса бу ёқмайди — уларнинг айтишича, хитойликлар экологияни бузишмоқда, чунки улар тез ва кўп қурушади. «Бир йил ишлаган вақтда улар бу ерда барини қазиб ташлашар эди, биз эса кейин молни қаерда боқар эдик?» — дейди Солтон-Сарида молини ўтлатиб юрган маҳаллий чўпонлар. Бу ер биргина кон эмас, яйлов ҳам. Буерда яқиндаги саккиз қишлоқнинг турғунлари молларини боқишади. Бундан ташқари, маҳаллийлар Хитой ишчилари ерни ва сувни булғамоқда, шу сабабдан қўй-молларимиз қирилмоқда деб ҳисоблашади.
«Бизга бу хитойларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ, биз мол боқиб, доимо мустақил яшаб келганмиз, чунки ҳеч ким бекорга ҳеч нарса бермайди-да. Кейин хитойлар келиб, бизнинг ерларни қазиб, олтин чиқариб, уни булғамоқда. Бизга нима? Агар у ерда бугун кир сувдан мол қирилиб, болалар касаллана бошласа, болаларимизга нима қолади? Уларнинг келажаги нима бўлади?» — деб савол беради қўлига кичик набирасини кўтариб олган, кон чиққан ерга яқин жойлашган қишлоқлардан бирининг турғуни.
Норинликлар ўзларини асл қирғиз деб ҳисоблашади. Уларнинг айтишича, бу ерда бошқа ҳудудлардагидек рус, ўзбек ёки қозоқча билан аралаштирмасдан, тозза қирғизча гапиришади. Улар қирғизларнинг қадимий ҳаёт тарзини сақлаймиз деб ҳисоблашади — чорвачилик билан тирикчилик қилишади, ёзда денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда бўз уйларда яшаб, қишда қишлоққа келиб қишлашади. Ҳар йили шундай. Маҳаллийлар шундай деб айтишади — биз молчимиз, бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас деб.
«Агар улар бизнинг ерларни бўшатмаса, аҳоли буни ўзи қилади»
Норинда, аниқроғи Солтон-Сарида олтин қазиб олиниши 1994 йили бошланган. Ўшанда «Кыргызалтын» Олтин-Тўр участкасини ишлата бошлаган - бу мустақил Қирғизистоннинг ўз маблағи ҳисобига қурилган илк тоғ кон ишхонаси бўлган. Zhоng Ji қўшни жойлашган Солтон-Сари участкасини ишлатишга лицензия олган иккинчи компания бўлган.
Маҳаллий аҳоли 2011 йилиёқ бунга қарши чиқа бошлаган. Ўшанда компания янгидан разведка ишларини бошлаган бўлган, аммо ҳукумат ўша вақтда бир неча давра суҳбати ва муҳокамалар ўтказиб, бу можарони босиб қўйган. Кейинги жанжал 2018 йили бўлган — маҳаллийлар компания экологияга зарар етказяпти деб билдиришган. Шундан кейин бу воқеа 2019 йили такрорланиб, қишлоқликлар компания сувни булғаши оқибатида молнинг қирилишига сабаб бўлмоқда деб айблашган. Ҳукумат текширув ўтказиб, айб маҳаллийларнинг ўзида, ўз вақтида молни эмлатмаган деб билдирган. Компания хайрия тариқасида молидан айрилиб қолган чўпонларга пул тўлаб бериб, иш ёпилиб қолган. Бари ўз ўрнига тушиб, яна яхши бўлиб қолгандек туюлган.
Бироқ 2019 йилнинг 3-августида Хитой компаниясининг базасида маҳаллий икки йигит билан компаниянинг ўнлаган ходимларининг ўртасида уриш чиқиб кетган. Қишлоқ турғунларининг айтишича, улар шунчаки сув сўрашни исташган, хитойлар эса уларни қаттиқ калтаклашган. Аммо Хитой компанияси эса йигитлар маст аҳволда бўлганини, ходимлари фақатгина ҳимояланишганини айтган. Кон чиққан ернинг кираверишидаги уйда нима бўлганини биз билмаймиз, аммо шундай фактлар бор: йигитлар касалхонага ётиб қолишган, эртасига эса кон чиқувчи ерга ишхонанинг ёпилишини талаб қилган 500дан 1000гача эркак кишилар боришган.
Маҳаллий турғунлар билан хитойлик ишчиларнинг ўртасидаги жанжалларнинг олдини олиш учун конга Норин вилоятининг мухтор вакили Аманбай Кайипов ҳам келган, бироқ унинг келтирган фикрларининг бари хитойлар Солтон-Саридан кетиши керак деган ультиматумга бориб тақалди. Кайипов қишлоқликларга муаммони хал қилишни ваъда қилиб, қайта Норинга жўнаб кетган. Норозилик билдириб чиққанлар унга кечгача муддат беришган.
— Агар улар бизнинг ерларни бўшатишмаса, аҳоли буни ўзи қилади. Қочиб кетганлар қўрқоқлар, — деб тўпланган элнинг орасида турган киши бақирдида, ҳаммани ишхонанинг ёпилиши учун охиригача туришга чақирди.
Кеч кириб қолган вақтда ҳукуматдан ҳам, Хитой компаниясидан ҳам ҳеч қандай реакция бўлмаган. Айнан ўшанда биринчи тош отилган.
Хитойнинг Қирғизистондаги манфаати — фойдали конлар
«Маҳаллий аҳоли ва чет эл ишчилари ўртасидаги можаролар компаниянинг ишини тўхтатишга ёки ишламай қолишига олиб келмаслиги керак. Агар шу каби воқеалар учун одамлар корхоналарни ёпишни талаб қилсалар, барча сармоядорлар биздан юз ўгирадилар», – деди Бош вазир Муҳаммедкали Абилгазиэв Бишкекда ҳукуматнинг ишчи йиғилишида.
Муаммонинг эртаси куни Салтон-Сарига келган унинг ўринбосари ва бош вазир ўринбосари ҳам маҳаллий аҳолининг қарорига таъсир қила олмади. Ўша пайтда, улар Zhong Ji компаниясига нисбатан 83 талаблардан иборат рўйхат тузиб қўйишган эди ва амалдорга агар улар бажарилмаса, Бишкек-Торугарт стратегик йўлини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилишган. Аммо расмийлар маҳаллий аҳолига ҳеч нарса ваъда қила олмадилар. Сабаби, Хитой Қирғизистоннинг асосий стратегик шериклари ва сармоядорларидан бири бўлиб, бу муносабатларни тўхтатишнинг иложи йўқ.
Аммо Хитойда ҳам Қирғизистонга бевосита манфаати бор. Хитой ва Марказий Осиёдаги давлатларнинг алоқаларига ихтисослашган Австралиянинг China Matters ташкилотининг директори Дирк ван дер Клейнинг айтишича, Хитой регионлардаги мамлакатларни икки гуруҳга бўлади. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон Хитойга ресурсларни етказувчи ва инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳамкорлар сифатида Хитойни қизиқтиради.
Масалан, Туркманистон — Хитойдаги газнинг асосий етказиб берувчиси — ёқилғи мойнинг 70% Хитойга биргина шу ердан, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги газ қувурлари орқали келади. Қозоғистон Belt and Road ташаббусида Хитойнинг муҳим ҳамкори бўлиб ҳисобланади. Бу Хитойнинг маҳсулотларини Европа ўлкаларига осон етказишга имконият яратган кўламли инфраструктура лойиҳаси. Бу «камардаги» йўллар Қозоғистон орқали ўтади.
Қирғизистон ва Тожикистон Хитойнинг охирги йирик ташаббусларида асосий иштирокчилар эмас, аммо бу уларга Хитой билан ўзаро яқин хамкорликка тўсқин бўлмайди. Охирги бир йилда қирғиз иқтисодига бўлган Хитойнинг тўғридан-тўғри инвестициялари 338 млн долларни ташкил қилган — бу сумма ўлканинг барча тўғридан-тўғри инвестицияларининг деярлик 40 фоизини ташкил қилади. Хитой билан Марказий Осиё ўлкаларининг ўртасида иқтисодий алоқаларга боғлиқ ихтисослашган тадқиқотчи Данияр Молдокановнинг айтишича, Хитой сармоядорлари Қирғизистонда ҳаммасидан ҳам фойдали конлар қизиқтиради, масалан, олтин.
Хитой инвестицяси = сиёсий қарамликми?
Хитой ишлатаётган Солтон-Сарининг бир қисми — Бучук участкасидаги олтин заҳираси 12 тоннани ташкил қилади. Zhong Ji Mining ҳар йили икки тоннадан қазиб олмоқчи. Аммо хитойлик ишчилар олтин конини ишлатиб бошлашга улгурмай қолган, бунга норозиликлар тўсқинлик қилиб қолди.
Солтон-Саридаги можародан кейин ҳукумат Хитой компаниясининг ишини вақтинча тўхтатган. Аммо орадан икки ой ўтса ҳам ҳукуматдан бугунги кунгача бир қарор йўқ, Zhong Ji Miningнинг иши эса жонланмай турибди. Унинг раҳбарияти ходимлари билан техникаларини қайта Хитойга олиб чиқиб кетган. Ҳозирда у ИИВнинг августдаги бошоломонликларни текшируви тугашини кутмоқда. Текширув давом этаётганига қарамай Хитойнинг Қирғизистондаги элчилиги коннинг ҳудудига «ноқонуний кириб келганларни» қаттиқ жазолашни талаб қилган.
«Кўп йиллар давомида Хитой корхоналари Қирғизистонга сармоя киритиб, бизнес юргизишади, бундан ташқари, маҳаллий аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга ва икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда», — деди Салтон-Саридаги воқеадан кейин элчихона.
Тўғридан-тўғри инвеститсиялар ҳисобга олмаганда ҳам, Хитой чиндан ҳам Қирғизистонга жуда кўп пул сарфлайди. 2019 йилга келиб, Қирғизистон Хитойга қарийб 1,7 миллиард доллар қарздорлиги бор - охирги ўн йилликларда ХХР берган барча кредитлар учун. Тадқиқотчи Данияр Молдокановнинг сўзларига кўра, Хитой кредитларининг шартлари жуда ноаниқ: «Агар сиз ХВФ ёки Жаҳон банкидан қарз олсангиз, унда ҳамма учун бир хил бўлган аниқ шаффоф қоидалар рўйхати мавжуд. Хитой кредитларининг шартлари шаффоф деб бўлмайди ва томонларнинг келишувига боғлиқ». Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон расмийлари Хитойдан пул олишмоқда, чунки «бу жуда содда, тезроқ ва ҳеч қандай бош оғриғи йўқ».
Аммо бундай иқтисодий қарамлик сиёсий қарамликни келтириб чиқармайди, дейди Дирк ван дер Клей. Унинг фикрича, Хитой Қирғизистонга қараганда Тожикистонга кўпроқ сиёсий таъсир ўтказади, бунга Тожикистоннинг Афғонистонга яқинлиги тсабаб. Яқинда Хитой қуролли кучлари ҳам у ерда ишлай бошлаган. Шунга қарамай, ван дер Клей Хитой минтақадаги сиёсатчиларнинг гапларига таъсир кўрсатишга тайёр, деб ҳисоблайди. «Хитойнинг калити шундан иборатки, улар оғиз очмасликни ёки оғзаки қўллаб-қувватлашни сотиб олишни яхши ўзлаштирганлар», — дейди эксперт.
Хитойнинг Компартияси Қирғизистон ҳукумати билан яхши муносабатларни сақлаб, маҳаллий аҳолининг эътиборини жалб қилишни истайди. Шунинг учун, унинг фикрига кўра, Zhong Ji Mining компанияси ўз фаолиятини қандай олиб боргани ва Хитой ҳукуматининг минтақадаги харакат стратегияси ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. «Менимча, Хитой ҳукумати бу вазиятдан жуда хафа бўлиши керак, чунки бундай вазиятлар мамлакатдаги бошқа Хитой компанияларининг ишини қийинлаштиради», — деди ван дер Клей.
Можародан олдин ҳам, Давлат экотехинспекция компаниянинг ишида 83 та қонунбузарликларни аниқлаб, 448 минг сом жаримага тортган. Маҳаллий қишлоқ хукумати раҳбарининг сўзларига кўра, хитойликлар топилган қоидабузарликларни тўғирлашга киришдилар. Аммо қишлоқ аҳолиси рози эмас - улар кончилар бу талабларни эътиборсиз қолдирганликларини айтишмоқда.
Экология ва ижобий имидж яратиш
«Хитойлар кетгандан бери сув тозаланди ва ўсимликлар яна нормал ўсиб қолди», — дейди Хитой заводидан бир неча километр нарида молини боқаётган Мирлан.
У рафиқаси билан яқин атрофда бўз уйда яшайди. Уй қулайликлари орасида кичик генератор ва 4G ушловчи смартфонлар бор. Агар уларни ҳам олиб қўйса, у ҳолда оиланинг ҳаёти юз йил олдинги қирғизларникидан фарқ қилмай қолади. Бўз уйнинг марказида оилани овқат тайёрлаши ва исиниши учун кичкина печка бор. Уйнинг ташқарисида эса катта қозон, унинг ёнида қуёшга тобланиб ит ўтирибди. Аммо у ҳўжайини отга ўтириши билан, дарҳол сакраб туриб, эгасининг ортидан эрчиб қўйларни отхонага ҳайдай бошлайди.
Мирланнинг рафиқаси дастурхон ёзмоқда. Ҳаммаси фақат ўзлари ишлаб чиқарган нарсалардан иборат: ёғ, қаймоқ, қатиқ ва тўқоч. Тандир нон тугай бошлагани сабабли, у янги нон пиширишга кириша бошлади - у тезда хамир қориб, нонларни темир печининг юзасига ташлайди. Нон тез кўтарила бошлаганда оловга яна бир тезак ирғитди.
Мирлан - компаниянинг экологик меъёрларни бузаётгани ҳақида биринчилардан бўлиб айтиб чиққан. Унинг айтишича, июнь ойида унинг қўйи қандайдир бир касаллик белгиларисиз ўлиб қолган. Эртаси куни у яна иккита молидан, орадан бир кун ўтиб яна шунча ҳайвонидан айрилиб қолган. «Уларнинг ҳаммаси эмланган эди. Улар ўз-ўзидан ўлиб қолди - дарёдан сув ичгач, у ердан бир неча метр оралиқда ўлиб қолди», - дея аччиқ билан эслайди Мирлан. Унинг учун битта қўйнинг ўлими ҳам катта молиявий йўқотишр. Ёзда эса, у 36 қўйидан айрилиб қолганини билдирди.
Ветеринар ҳавфсизлик бўйича давлат инспекциянинг Норин вилоятидаги вакили Кумар Исакова билдиришича, 2019 йилнинг июль ойида 22 қўй қирилиб, уларни иккисининг гўштида нитрат ва мишяк топилган, қолганлари тоза чиққан.
Аммо Мирлан унинг моли Хитой компания ишлатаётган Бучуқ участкасидан яйловга оқиб кетган булғанган сув сабабли қирилган деб ўйлайди.
Баъзи маҳаллий аҳоли ва чорва ҳайвонларининг ичадиган суви тоғлар тепасидаги музликлардан эриб оққан сув. Улардан бирининг остида Хитой компанияси саноат чиқиндилари учун чиқиндихонани қуришни режалаштирган ва ҳатто у ерга сув оқмаслиги учун тўғон қурган эди. Компания ишини кузатиб борувчи маҳаллий аҳолидан ташкил топган комиссия аъзолари тўғон тўғри қурилмаганига ишонч ҳосил қилишган, демак бу йигирма йилдан кейин қулаб туша бошлайди. Сув бари бир ҳам чиқиндихонага тушади, ундан кейин у ифлосланиб, Ўн-Арча сувига, сўнгра Қирғизистоннинг энг катта дарёси - Норинга оқиб тушади.
Аммо Хитой компаниясидан текширувнинг бари уларнинг чиқиндилар ҳовузида бирон бир қонунбузарлик аниқланмаганини айтишса, ветеринария инспекциясининг бошлиғи эса моллар паразит юқтириб, эмлашнинг етарли эмаслиги сабабли қирилганини билдирди.
Қирғиз ҳукумати компаниянинг «ижобий имиджини яратиш» учун инвесторлардан чорва молларини йўқотган чўпонларга пул тўлашни илтимос қилган. Аммо ижобий имиджни яратишнинг иложи бўлмади - бундан кейин бир неча ҳафта ўтгач маҳаллийлар ва компания ходимлари бир-бирига тош ирғита бошлаган.
Ҳукумат ҳалқдан қўрқади
«Аслида, ҳар қандай мамлакатда қишлоқ хўъжалиги ва тоғ-кон саноатига хорижий сармоялар маҳаллий аҳолининг қўлловига эга бўлмайди, аммо бу ҳолда сармояларнинг Хитойдан келиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда», — деб ҳисоблайди Дирк ван дер Клей. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистоннинг хитойликлар билантузган битимлари ноаниқ бўлиб, бу маҳаллий аҳолининг қўшимча шубҳалари ва инвесторларга ишончсизликни келтириб чиқармоқда.
Бундан ташқари, Хитой хукумати ўзлари учун яхши имиджни ярата олмагани ҳам рол ўйнамоқда - улар кризисни шунчаки тинч бошдан ўтказишни ва ғалаба бўлган тақдирда жим қолишни афзал кўрадилар.
Данияр Молдокановнинг фикрича, расмийлар нима учун ўлкага Хитой сармояси кераклигини одамларга етарлича тушунтиришмаяпти.
«Расмийлар ҳам халқдан қўрқишади. Агар улар бизда миллионлаб Хитой лойиҳалари бор ва бу ерда Хитой бизнеси ривожланмоқдадеб айтса, мансабларидан олиб ташлашларидан қўрқишади», дейди тадқиқотчи.
Бош вазир маҳаллий аҳоли билан тушунтириш ишлари фақат расмий шаклда ва инқироз давридагина, масалан, одамлар компания ишига қарши норозилигини билдириб чиқишгандагина амалга оширилганини тан олди.
Бучук участкаси ёнидаги Олтин-Тўр тоғида жойлашган кўп йиллик «Кыргызалтын» корхонасидан жуда фарқ қилади. Бу ерда одатий усулда кон тошларидан олтин ажратилган қурулишнинг ёнида тошларни майдаловчи техника ишлаб туради. Уларнинг шошилмай ишлашлари асносида хитойликлар ўз ҳудудида бир неча ой ичида тоғнинг ён бағрида йўл қуриб, дамба солиб, келажакда қурулувчи бинолар учун пойдевор қўйишган.
Инвестицияларни ривожлантириш бўйича давлат агентлигининг директори Шумкарбек Адилбек ўғли Хитой компаниясининг тезлик билан ишлагани маҳаллий турғунларни қўрқитиб қўйган бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. «Агар хитойликлар олти ойнинг ичида завод қуришни истаса, у ҳолда улар буни жуда тезлик билан амалга оширишади», — дейди Адилбек ўғли.
Шунинг учун хитойликлар қурилишга ўз ишчиларини жалб қилади, бу эса маҳаллий аҳолига ёқмайди - Адилбек ўғлининг сўзларига кўра, қирғизлар «кўпинча кечиктиришади». Аммо унинг фикрига кўра, қурилиш тугагандан сўнг, Хитой компаниялари ишчиларнинг кўпчилигини маҳаллий аҳоли орасидан ола бошлайди. Ҳукумат маълумотларига кўра, компаниянинг инфратузилмасини яратиш устида иш олиб бораётган 500 нафар ходимнинг 300га яқини қирғизлар. Аммо Мин-Булоқ қишлоқ ҳукумат бошқармаси бошлиғининг сўзларига кўра, корхонада атиги 126 маҳаллий турғун ишлаган.
Хитойликларнинг бизнесга бўлган бу каби ёндашувини мутахассислар оддий тушунтиришади. Дирк ван дер Клейнинг сўзларига кўра, иш жойлари Хитой-Қирғизистон муносабатларидаги асосий валюта, улар у томонга ҳам, бу томонга ҳам зарур. Шунинг учун қирғизлар ва хитойларга янги иш жойларини яратиш кўпинча Хитой компаниялари ва Қирғизистон ҳукумати ўртасидаги инвеститсия битимларининг шарти бўлиб ҳисобланади. Аммо, Молдокановнинг сўзларига кўра, мамлакатимизда инсон капитали паст, профессионаллар йўқ, шунинг учун Хитой компаниялари ўз ишчиларини ўзлари билан олиб келишларига ҳайрон бўлишнинг ҳожати йўқ.
Чунки «мощный»
Қирғизистон Хитой учун энг муҳим савдо бозори бўлиб ҳисобланмайди - Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаси Хитой ташқи савдосининг кичик бир қисмини ташкил қилади. Аммо минтақа Хитой сармоядорларига бошқа сабабларга кўра жозибадор бўлиши мумкин - Хитойда улар учун умуман қиладиган иш қолмаган бўлса керак. Дирк ван дер Клейнинг айтишича, Хитойнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги компаниялари қийинчиликка дучор бўлмоқда - улар ишчилар маошини ошириб, экология қонунлари ва чекловлар ўртасида йўл излаб, ўзларига ўхшаш минглаган компаниялар билан рақобатлашишга мажбур бўлишмоқда. Шу сабабли, Хитой провинциясида ишлаётган кўплаб компаниялар кириши мумкин бўлган ташқи бозорларни топишга харакат қилишмоқда.
Бу борада Марказий Осиё мойли жой - бу ерда рақобат оз ва имкониятлар катта. Масалан, Тожикистон цемент ишлаб чиқарувчилар учун жозибадор бўлиб қолди - у ерда нархлар жуда юқори, муносиб рақиблар эса деярли йўқ. Шу сабабли, оғир бизнес муҳитига ва коррупция схемаларида иштирок этиш заруратига қарамай, Хитой компаниялари ҳар йили Тожикистон ва Қирғизистонга борган сари кўпроқ маблағ киритмоқдалар. Қирғиз ҳукумати Хитойдан қўшимча сармояларни мамнуният билан қабул қилиши мумкин эди, аммо ван дер Клейнинг сўзларига кўра, улар фуқаролик жамияти тарафидан тушунмовчилик бўлишидан қўрқишади. Қирғизлар ҳар қандай хитой сармоясига катта ишончсизлик билан қарайди.
Эксперт Шерадил Бақтигуловнинг айтишича, Хитойга нисбатан салбий муносабат илдизлари 1960-йиллардаги Совет тарғиботига тақалади - ўша пайтда Қирғизистон ва Қозоғистон Хитой билан урушга тайёргарлик кўраётган Ўртаосиёлик округининг бир қисми бўлган. «Халқни мактаб партасидан бошлаб дастлабки ҳарбий тайёргарлик сабоқларида бу қарама-қаршиликка тайёрлашган. Бу даврда юзага келган Совет-Хитой чегарасидаги можаролар хитойлар ҳақида салбий муносабат бизнинг онгимизга қаттиқ сингиб қолишига олиб келган», — дейди эксперт. Бундан ташқари, 1916 йилдаги фожиали воқеалар ҳам хитойликларга муҳаббатни кучайтирмайди - ўша вақтда Россия империясига қарши муваффақиятсиз бўлган қўзғолонда қирғизлар Хитойга қочиб, тирик қолганларнинг кўплари ўша ерда вафот этган.
«”Уркун” ҳақида биласизми? Хитойлар ўшанда қирғиз элини қандай қилиб ўлдиришганларини ва ҳозир ҳам шундай қилишаётганини [биласизларми]? Бучукдан оқиб чиқадиган бу сувни биз ичамиз. Хитойликларга эса, шунингдек ҳукуматга ҳам [сувнинг сифати қандай экани] бари бир», — дейди дарахтнинг соясида ўтирган Минг-Булоқнинг оқсоқолларидан бири. Олдидан ўтаётган турғунлар қария билан қуюқ саломлашиб ўтишди. «Экология қаттиқ бузилмоқда, бу бизнинг келажак авлодимизга таъсир кўрсатади».
Лекин экспертларнинг фикрича, Қирғизистон иқтисодига шунингдек Марказий Осиёдаги бошқа иқтисодга Хитой сармояларисиз қийин бўлади. Буни маҳаллий турғунлар ҳам тушунади. Уланбек — чўпон ва хитойлик ишчилар билан маҳаллий йигитларнинг ўртасидаги муштлашув юз берган уйнинг хўжайини. У қайси тарафни қўлашини сўрашганда четга бурулиб, тупуриб қўйди.
— Унда нима учун уйингизни хитойларга бердингиз?
— Қизиқмисизлар? — унинг совуқ ўтган юзи маюсланиб, — ҳаёт нималарга олиб бормайди! Нима бўлганда ҳам Хитойнинг пайпоғи, нима деганда ҳам хитойнинг оёқ кийими, ўў “мощный” деб қўясизлар. Тўғри мощь.
Муаллифлар: Айдай Эркебаева, Катя Мячина
Видео: Азат Рузиев, Бекжан Асилбеков
Сурат: Светлана Зеленская
Мақола Медиасет кўмаги билан тайёрланди.