Лондоннинг «Индепендент» газетаси Қирғизистондаги аксар қирғиз келинларининг «ўғирланган келинлар» экани ҳақида сўз юритувчи мақолани чоп этди.
Мақола муаллифи — журналистк Эмили Даген Қирғизистоннинг олти қишлоқларида олиб борилган тадқиқотга таяниб сўз юритади.
Ўрганилган 1332 оиланинг ярмидан ошиқроғи келин ўғирлаш оқибатида тузилганини ёзади журналист.
Бу кўрсаткичнинг фақат учдан бир қисмигина қиз ўз урф-одатларига рози бўлган ҳолда ўғирланишликка кўнганини айтилади мақолада.
Қолган ҳолатларда эса, келин ўғирланиши қизларнинг хоҳишларига қарши тарза бўлган.
Қирғизистоннинг баъзи воҳаларида мажбурий никоҳлар умумий никоҳнинг 80 фоизидан ошиқроғини тузади, дейилади нашрда.
«Индепендент» газетаси тадқиқотни Қирғизиcтондаги қирғизлар орасида олиб бориб, мамлакатдаги бошқа миллий озчиликлар ҳақида сўз юритмаган.
Дегеннинг ёзишича, қиз ўғирлаш ҳолатлари Советлар Союзи тарқагандан кейин янада кўпайган.
«Қиз ўғирлаш жиноят эканига қарамай, унга берилиши мумкин бўлган жазо муддати уч йилни тузади», —деб ёзади Даген.
Айни пайтда, қирғизистонликларнинг кўпчиликлари қиз ўғирлашни жиноий иш эмас, балки одат қатори қабул қиладилар, дейилади мақолада.
«Йигирма биринчи аср бошидан бу одат янада тажовузкорроқ тус олмоқда», —хабар қилади нашр.
Газета бундан етти йил муқаддам ўзи олиб қочиб кетилган ва шу кунда бу жиноий ишга қарши курашиб кетаётган фаол Газбубу Бабаярованинг тақдири ҳақида ҳам сўз юритади.
Ўзига уйланмоқчи бўлган йигитга тўйни кейинроқ қилишни таклиф қилган Газбубу, ундан қочиб қутилишга эришади.
«Бироқ у ўз уйига келганда унинг ўз ота-онаси никоҳдан қочгани ва бу билан уларни шарманда қилгани учун тергай бошлаган», —дейди британиялик журналист.
Реакция
Мақола мавзуси улар ваколатида эмаслигини айтиб ички ишлар вазирлиги «Индепендент» газетасидаги сўзларни шарҳлашдан бош тортди.
Ўз ўрнида, қиз ўғирлашликка ва аёлларга ўтказилаётган зулмга қарши курашиб келувчи «Cезим» инқироз марказининг таъкидлашича, ўғирланиб турмуш қурган оилаларнинг кўпчилигида ажрашиш кўпаймоқда.
«Бизнинг марказга кўплаб ўғирланган аёллар мурожаат қиладилар ва уларнинг аксарияти ажрашмоқдалар», —деди марказ ходими Kloop.kg билан суҳбатда.
Қиз ўғирлаш борасида «Индепендент» олиб борган тадқиқот биринчи эмас.
Газетадан аввал Будапештдаги Марказий Европа университети профессори Питер Лом ҳам бу одатга гувоҳ бўлиш ва бу ҳақда филм суратга олиш ниятида Қирғизистонга келган.
У ўз тадқиқотида ўғирланган ва сўнгра ўз жонига қасд қилган қиз ҳақида ҳикоя қилганди.
«Индепендент» газетаси ҳам тадқиқотида Иссиқкўллик 20 ёшли икки қиз 2011 йил бошида ўғирланиб кетгач ўз жонларига қасд қилганларини ёзади.