«Кыргызстан» авиаширкати ўз йўловчиларига сув ўрнига уксус берганини рад этмоқда

711

Авиаширкат бошқармаси «Жани Агим» газетасида чоп этилган Истанбулдан қайтаётган йўловчиларга сув ўрнига уксус берилгани ҳақидаги мақолани «ғирт ёлғон» дея атади.

7 октябр куни чоп этилган мақолада ёзилишича, авиаширкат стюардессалари спикер Ахмадбек Келдибеков билан бирга Истамбулдан қайтаётган журналистларга «қўққисдан» сув ўрнига уксус бериб юборганлар.

«Чанқаб турган журналистлар уксусдан хўплаб юборганлар ва нариги дунёга равона бўлишларга бир баҳя қолган», —деб ёзганди газета.

«Кыргызстан» авиаширкати бош директор муовини Александр Березенцев мақоладаги иддаони ғирт ёлғоннинг ўзгинаси деб атади.

Унинг айтишича, самолёт бортида уксуснинг бўлиши умуман мумкин эмас. Бортга кирувчи барча озиқ-овқат шифокорлар томонидан текширилиб киришини айтди муовин.

«Жани Агим» газетаси таҳририяти ўз журналистларининг авиаширкат билан боғланмаганларини билдирдилар.

«Эшитишимча, «Баракелде» журналистлари бу ҳолатга тушиб қолганлар ва бу ҳақда бизнинг журналистларга айтиб беришган», — деди ўзини таништиришни истамаган газета муҳаррири.

Бироқ «Баракелде»нинг ўзида улар журналистлари уксус воқеасига умуман алоқалари йўқлигини билдирдилар.

«Биз бу ҳақда ҳеч нарса билмаймиз», — деган жавобни айтдилар «Баракелде» таҳририяти.

«Институт медиа-полиси» (ИМП) директори Бегайим Усенованинг айтишича, Қирғизистон газеталарида тасдиқланмаган маълумотлар кўпаймоқда.

ИМП сентябр ўрталарида Қирғизистон газеталари ўртасида мониторинг ўтказган ва 101 мақоладан фақат 42тасида манбалар кўрсатилган.