Қамоқдаги порнотадбиркор Даниел Ажиев МХДҚдан қутулишга ҳаракат қилмасдан, 500 минг долларни ўз ихтиёри билан давлатга ўтказиб берган. Бунга маблағни ўтказиб олиш қарори далил бўла олади. Ҳужжат нусхасининг фотосуратини, махсус хизмат гумонланувчи терговни сотиб олишга уринди, деган билдирув тарқатгандан сўнг Ажиевнинг Instagram саҳифасида эълон қилинган. «Клооп» ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашни сўраб МХДҚга хат йўллаган.
2023 йилнинг 28 июлида чиққан, МХДҚнинг катта терговчиси Т.М.Абдухаликов имзолаган маблағни ўтказиб олиш тўғрисида қарор порномагнат саҳифасида 17 октябрда чиққан. «Клооп» унинг сторисини скриншот қилишга улгурган.
Ҳужжатда тергов жараёнида Ажиев «ўз ихтиёри билан давлат ҳисобига 500 минг доллар миқдорида маблағни ўтказиш ниятини билдирди» деб айтилади. Шунингдек, шу йил 28 июлда Ажиевнинг рафиқаси ушбу пулларни эрининг номидан «ўз хоҳишига кўра бериш мақсадида» МХДҚга олиб келиб бергани, махсус хизмат терговчиси эса пулларни МХДҚнинг молия бошқармасига сақлашга ўтказиб бергани айтилади.
МХДҚ Ажиевни шу йилнинг июнь ойида «вебкам-студиялар ишини мувофиқлаштирувчи трансмиллий жиноий гуруҳ ташкил этиш»да гумон қилиб ҳибсга олган. Тергов Ажиев 300 дан ортиқ вебкам-модель, операторлар ишлаган гуруҳга раҳбарлик қилганини аниқлаган. Махсус хизмат таянаётган дастлабки маълумотларга кўра, Ажиев ўзининг «жиноий фаолияти»дан ойига 300 минг доллар ишлаб топган.
17 октябрда АКИпресс ўз манбаларига таяниб, Ажиев давлат бюджетига «ҳомийлик ҳиссаси» сифатида 44 миллион сом ўтказганини ҳам хабар қилган.
Ўша куни МХДҚ бу маълумотни рад этиб, Ажиевни терговни сотиб олишга уринганликда айблаган. Ажиев «шахсий эҳтиёт чорасини ўзгартириб бериш учун тўлов сифатида, терговга 500 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ таклиф қилган», деб билдирган ўшанда қўмита матбуот хизмати. «Натижада Д. Ажиевнинг турмуш ўртоғидан 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул олиниб, қонунда белгиланган тартибда тергов доирасида ҳибсга олинган. Демак, Д.Ажиевнинг Қирғизистон Республикаси бюджетига ихтиёрий равишда киритган маблағи ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва унинг далиллари асоссиз, фақат жамоатчиликни чалғитишга қаратилган», — деб билдиришган муассасадан.
Бироқ ўша куни, 17 октябрда, Ажиевнинг Instagram’даги аккаунтида маълум қилинган маблағни олиш тўғрисида қарор бошқача айтиб турибди.
Агар бу ҳужжат ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлса, унда нима учун МХДҚ бугун порно тадбиркор давлатга ярим миллион доллар ўтказиб берганини инкор этмоқда?
Жамоатчиликни ким чалғитмоқчи бўлаётганини аниқлаш мақсадида «Клооп» МХДҚга ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш ёки рад этишни сўраб, расмий хат ёзди – хатнинг жавоби маълумот олиш қонунига кўра 13 ноябрда келиши керак.
Ижтимоий тармоқларда ўзининг дабдабали ҳаёти билан мақтанган таниқли тадбиркор Даниел Ажиев, аввал ҳам порнография содир этганликда гумонланиб қўлга олингани маълум. Ажиев ўзининг видеомурожаатида қирғизистонликларга ҳақорат қилиб ва собиқ президент Сооронбай Жеенбековнинг қудаси, Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Алиярбек Абжалиевнинг ўғлини жиноятчиликда айблаб чиққандан сўнг жамоатчилик орасида кенг танилган.
Муаллифлар: Арууке Солтоной, Виктор Мухин