“Ош-Тазалык” ёқилғи мойни бир ярим йилдан бери биргина Райимбек Матраимовнинг турмуш ўртоғининг компаниясидан сотиб олмоқда

53

Майнинг бошида Ўш шаҳар мэрияси “Ош-Тазалык” муниципал ишхонасига 7 млн сом бўлиб бериши маълум бўлди. Мазкур маблағнинг аксарият қисми ёқилғи мой сотиб олишга сарфланмоқчи.

Ишхонанинг етакчиси Нурбек Исмаилов бунга қадар “Ош-Тазалык” шаҳарга киргизилган карантин сабабли зарарга учраганини “Азаттык”қа билдирган.

Шунингдек Исмаилов “Ош-Тазалык” ёқилғи мойни март ойидан бери “Россия Нефть” компаниясидан қарзга олаётганини ҳам айтган. Ьу компаниянинг асосчилари Алишер Козуев ҳамда Уулкан (Аманда) Тургунова — Божхона хизмати етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг хотини.

Нурбек Исмаилов — қоидасиз жангнинг собиқ жангчиси

“Ош-Тазалык” ишхонаси “Россия Нефть” компаниясидан ёқилғи мойни 2018 йилнинг декабрь ойидан бошлаб сотиб ола бошлаган. Ўша вақтда 9,5 миллион сомга шартнома тузилган. Декабрда “Ош-Тазалык”нинг етакчилигига Нурбек Исмаилов келган. Унгача мазкур хизматни Талант Капаров бажарган.

Нурбек Исмаилов

Исмаилов — қоидасиз кураш жангчиси. “Азаттык”нинг маълумотига кўра, у “Адигине Файтер” спорт клубида шуғулланган. “Ош-Тазалык”қа келгунга қадар Ўш шаҳрининг марказий бозорида солиқ инспектори ва автобуслар паркида раҳбар ўринбосари бўлиб ишлаган.

2017 йилдаги президентлик сайловида Исмаилов мазкур клубнинг спортчилари билан бирга Ўш шаҳридаги сайлов участкаларидан бирини назорат қилган. Бир неча ОАВларнинг вакиллари — жумладан Ўш шаҳар мэриясининг ҳозирги матбуот котиби Азамат Абсаттаров — Исмаиловнинг спортчиларини сайлов жараёнини ёритган журналистларни калтаклаганликда айблаган. Аммо иш судгача бориб етмаган.

Ўш шаҳар мэриясининг матбуот котиби Азамат Абсаттаров Исмаилов билан спорт қўмитасининг аввалги бошлиғи Қилич Саркарбаевнинг бирга тушган суратларини эълон қилган. Саркарбаев ўзининг хизматидан жорий йилнинг февраль ойида четлатилган — бунга спортчи Тологон Рахманберди ўғли Саркарбаев унга қараб ўқ отганини айтгани сабаб бўлган. Шунингдек Рахманберди ўғли у касалхонада ётганда Саркарбаев Мунарбек Раимбеков билан бирга келиб “ариза ёзсанг ўлдирамиз” деб таҳдид қилганини билдирган.

Мунарбек Раимбеков Қорасув туманининг Савай қишлоқ ҳукуматининг етакчиси ҳамда Райимбек Матраимовнинг тутинган ўғли (“өкүл баласы”) Саркарбаев ҳам Матраимовнинг яқин одамларидан бўлиб ҳисобланади.

Чапдан учинчи Қилич Саркарбаев

Ҳозирда “Ош-Тазалык”нинг етакчиси Ўш шаҳар кенгашига “Биримдик” партиясидан талабгор бўлиб рўйхатдан ўтган. Партиянинг сайлов рўйхатида у 16чи сафда туради.

“Россия Нефть” компаниясининг “монополияси”

Нурбек Исмаилов “Ош-Тазалык”нинг етакчиси бўлиб тайинлангандан бошлаб ишхона ёқилғи мойни биргина “Россия Нефть” МЧЖдан ола бошлаган. Юқорида айтилганидек, бу компания асосчиларининг орасида Уулкан Тургунова бор —  Райимбек Матраимовнинг рафиқаси.

*“Ош-Тазалык” ишхонаси ёқилғи мойни бир кварталда, бошқача айтганда 3 ойга сотиб олиши эҳтимол

Жами бўлиб Нурбек Исмаилов “Ош-Тазалык”нинг етакчиси бўлиб тайинлангандан бери ишхона “Россия Нефть” МЧЖсидан 59,1 миллион сомлик мой сотиб олган.

Таъкидлаб ўтсак, охирги тендер 2020 йилнинг март ойида тугаган, “Ош-Тазалык” ишхонаси эса ёқилғи мой учун “Россия Нефть” компаниясига 10 млн 93 минг сом ўтказиши керак. Аммо Исмаилов “Азаттык”қа берган интервьюсида бу мойни улар қарзга олганини маълум қилган.

2018 йилнинг декабрида ўтган тендерда “Россия Нефть” МЧЖси билан “Томас и Ко” ҳамда “Партнер Нефть” компаниялари рақобатлашган, аммо охирги икки компания тендерни енга олмаган. 2019 йилнинг март ойидан эса ишхона келишимни тўғридан-тўғри биргина “Россия Нефть” билан тузади.

“Россия Нефть” компанияси билан ҳамкорлик қилган муассасалар

Давлат харидлари департаментининг сайтидаги маълумотга кўра, “Россия Нефть” МЧЖси 2018 йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўш шаҳар автомобил муниципал ишхонаси билан ҳам ишлайди. Тарафлар ўрта ҳисобда 2,5 — 3 млн сомлик шартномаларни тузади.

2019 йили бу ишхонанинг етакчиси бўлиб Талант Капаров тайинланган. Бунгача у КСДП партиясидан Ўш шаҳар кенгашининг депутати ҳамда “Ош-Тазалык” ишхонасининг етакчиси бўлиб ишлаган — кейинчалик Нурбек Исмаилов унинг ўрнига келган. Капаров ҳам қоидасиз кураш жангчиси бўлган. Ҳозирда у Ўш вилояти бўйича ММА Федерацияси филиалининг ҳамда Панкратионнинг президенти.

Талант Капаров

Биринчи шартномадан бугунги кунгача “Россия Нефть” компаниясининг ҳисобига бу ишхонадан 36,4 млн сом тушган.

Шунингдек бу компания мижозларининг орасида Қорасув туманининг Савай қишлоқ ҳукуматини кўриш мумкин. Бу қишлоқ ҳукумати “Россия Нефть” МЧЖнинг давлат харидлари бозорида биринчи мижози бўлган : 2018 йилнинг февраль ойида қишлоқ ҳукумати бу компаниядан хизмат машинаси учун 108 360 сомлик ёқилғи мойи сотиб олган.

Бугунги кунгача Савай қишлоқ ҳукумати “Россия Нефть” билан ҳамкорлик қилиб келади. Жами бўлиб қишлоқ ҳукуматининг хизмат машиналарига 326 минг сомлик ёқилғи мойи сотиб олинган — жами “Россия Нефть” МЧЖдан. Қизиғи, тендерлар шартномани тўғридан-тўғри тузиш усули бўйича харид қилиш усули билан ўтмоқда, яъни бу харид учун танлов ўтказилмаган.

Кўп йилдан бери Савай қишлоқ ҳукуматини Мунарбек Раимбеков (аввалги фамилияси Сайпидинов) бошқариб келади. У Қилич Саркарбаев билан “ёшлигидан бирга ўсганини” тасдиқлаган. Мунарбекнинг укаси — Нурбек Раимбеков — спортчи Тологон Рахманберди ўғлини калтаклашда гумонланиб қўлга олинган.

Ижтимоий тармоқлардан Мунарбек Раимбеков “Россия Нефть” МЧЖнинг асосчиларидан бири Алишер Козуев билан бирга тушган суратини учратиш мумкин.

Мунарбек Раимбеков, Қиличбек Акаев ҳамда Алишер Козуев

Раимбеков Алишернинг укаси — Семетей Козуев — билан ҳам таниш бўлиши эҳтимол. Семетей, “Ош-Тазалык” ишхонасининг етакчиси Нурбек Исмаилов каби, Ўш шаҳар кенгашига талабгор қатори рўйхатдан ўтган. У сайловга “Мекеним Кыргызстан” партияси билан бормоқда.

“Россия Нефть” МЧЖнинг иккинчи асосчиси Уулкан (бошқа ном билан Аманда) Тургунова — Райимбек Матраимовнинг хотини — бу унинг ягона ишхонаси эмас. Kloop, “Азаттык” ва OCCRP биргаликда эълон қилган суриштирувнинг асносида Тургунова Дубайда Марказий Осиёдаги яширин оила билан бирга сармояли бизнеси борлигини аниқлаган. Ҳозирда иккиси бинони қуриш лойиҳасини бошқармоқда

Мазкур оиланинг етакчиси Хабибулла Абдуқодир охирги 10 йилда Марказий Осиёда қудратли карго империясига асос солган. Бу империя божхонадаги порахўрлик ортидан пайдо бўлган — унга ўнлаб амалдорлар ҳамда миллионлаган АҚШ долларлар жалб қилинган.

Қурилиш лойиҳасидан ташқари, Тургунова Дубайда ер участкаси ва квартирага эгалик қилади. 2015-2017 йиллари бўлган харидларда Тургунова камида 12 миллион доллар сарфлаган. Январнинг охирида МХДҚ Матраимовларнинг Дубайдаги мулкини текшира бошлаганини билдирган. Аммо ҳозирча бу текширувлардан натижа чиққани йўқ.

Бундан ташқари, Factcheck.kg журналистлари собиқ раҳбарни турмуш ўртоғининг заргарлик буюмларини ҳамда либосларини баҳолаб кўрган. Натижада Тургунованинг “майда-чуйда” чиқимлари Матраимовнинг расмий даромадларига қараганда бир неча баробарга кўпроқ экани очиқланган.

Журналистик суриштирув

Райимбек Матраимов — Қирғизистондан 700 миллион долларга яқин маблағни яширин йўл билан чиқарилиб кетиши бўйича журналистик суриштирувларнинг фигуранти. Бу маблағларни 5 йил давомида оддий курьерлар орқали ташиган Айэркен Саймаити журналистларга бу операцияларни Райимбек Матраимовнинг ёрдами билан амалга оширганини айтиб берган. Саймаитининг айтишича, Матраимов божхонадаги порахўрликни қўллаб, Абдуқодирнинг яширин бизнесининг фаолиятига кўмак кўрсатган.

Курьерлар тўсқинликсиз Абдуқодир оиласининг пулларини ювгандан кейин Саймаити ҳамда унинг турмуш ўртоғи Вуфули Бумайлияму маблағларнинг бир қисмини Матраимовлар оиласига тегишли бўлган “Исмаил Ата” фондига ўтказишган.

Kloop, “Азаттык” ҳамда OCCRPнинг ҳамкорликда қилган суриштируви эълон қилиниши арафасида Саймаити Истамбул шаҳрида ўлдирилган. Бунга қадар Саймаитинининг курьерларидан бири Хусан Керимов ўлдирилган. Керимов ўша фожиали кечада тегишли манзилга етказиш учун 1,6 миллион долларни олиш учун кетаётган бўлган. Курьернинг жасади “Манас” аэропортининг олдидаги машина багажида топилди.

Хусан Керимовдан ташқари иш вақтида йўқ бўлиб кетган курьерлар ҳам бўлган. Керимов ўлдирилгунга қадар бир ҳафта муқаддам “Мадина” бозорининг 37 ёшдаги савдогари Хуфур Абдурахмоннинг жасади топилган. Аммо у фақат савдогаргина эмас, “коллектор” ҳам бўлган — Абдурахмон бошқа савдогарларнинг пулларини чет ўлкаларга чиқариш учун тўплаб юрган.

Мазкур суриштирув жамоатчиликда резонанс яратган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида минглаган одам “Оқ уй”нинг олдига коррупцияга қарши митингга чиққан. Тўпланганларнинг асосий талаби Райимбек Матраимовни қамаш ва ҳақиқий ислоҳотларни ўтказиш бўлган.

Матраимовларнинг оиласи Kloop, “Азаттык” ҳамда “24.kg” (бу нашр суриштирувда қатнашмаган, у суриштирув бўйича ўз сайтида эълон қилган) нашрини 60 млн сомликк даъво билан судга бергандан кейин, фуқаролар иккинчи митингга чиқишган. Митинг иштирокчилари парламентнинг олдидаги революция эсдалигининг ёнига йиғилиб, ОАВларга босим ўтказишни тўхтатишни талаб қилган.

Кейинчалик Матраимовлар “24.kg” нашрига қўйган даъвосидан бош тортган. Аммо улар Райимбек Матраимовнинг “шаъни ва обрўйига” зарар келтирилди деб Kloopдан 12,5 млн сом, “Азаттык”дан 22,5 млн сом ҳамда журналист Али Токтакуновдан 10 млн сом талаб қилишмоқда.