Кутесай кони бўйича ўтган халқаро маҳкама Қирғизистон учун мағлубият билан якун топди. Ҳукумат маҳкама қарорини шикоят қилиб, конни қазишга лицензия талаб қилаётган «Станс Энерджи» компанияси билан судлашувни давом эттирмоқчи.
Қирғизистон ҳукумати Кутесай конини қазиган «Станс Энерджи» компаниясига 118 млн АҚШ доллари тўламоқчи эмас.
Ҳукумат Москва арбитраж суди қарорини бир ой ичида шикоят қилмоқчи.
«Ҳали қарор ўз кучига киргани йўқ. Маҳкама қароридан сўнг мен компания вакиллари билан сўзлашувлар олиб бордим. Ҳозирда икки тараф ҳам масалани иқтисодий талофотларсиз ҳал қилиш тарафдори», — деган вице-преьер Тайирбек Сарпашев «Вечерний Бишкек» рўзномасига берган интервьюда.
Қирғизистон ва хорижий сармоядорлар ўртасидаги можаро 2012 йилдаги ҳукуматнинг кон қазувчи компания устидан халқаро маҳкамага қилган шикоятидан сўнг бошланганди.
Шикоят компаниянинг кон қазиш учун лойиҳани ўз вақтида топширмагани ва айни пайтда Кутесайдаги қазилма ишларини олиб бориш учун рухсатни олгани сабабли билдирилганди.
Лицензия берилгач, Бош прокуратура Геология ва минерал ресурслар давлат агентлигининг ўша пайтдаги етакчиси Учкунбек Ташбаевга қарши жиноий иш очганди.
Ташбаевнинг ўзи қўйилаётган айбловларга иқрор бўлмади ва сармоядорлар кон қазиш лойиҳасини ўз вақтида топширганини билдирганди.