Муфтият норозилигига қарамай мактаб юбкалари узунлиги ўзгармайди

1063

Маориф министрлиги бир неча кун муқаддам оммага тақдим қилган мактаб формаласининг юбкаси узунлигини узайтирмоқчи эмас. Аввалроқ Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси юбкалар қисқалигини танқидга олганди.

Янги мактаб формаси СМС танлов орқали танланган ва 1  июлда унинг тақдимот маросими бўлиб ўтганди.

Маросимдан сўнг муфтият тақдимотда кўрсатилган кийим репетиция пайтида дин бошқармаси ходимларига кўрсатилган кийимдан фарқли эканини билдирди  — муфтий ўринбосари Равшан ҳожи Эратовнинг сўзларига кўра, расмий маросимдаги мактаб кийимининг юбси тиззадан юқори бўлган.

«Биз юбка узунлиги бироз тиззадан пастроқда бўлишини таклиф қилдик. Бизнинг таклифимиз журналда ва репетицияда тиззани ёпувчи юбкалар кўрсатилганига асосланганди», — деди Эратов.

Унинг сўзларига кўра, юбкалар қисқалиги ўқув жараёнига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

«Мактаб формаларини ишлаб чиқишда миллий колоритнинг ўрни ҳақида гапирилгандан кейин, асрлар оша миллий кийимларимиз узунлиги тиззадан юқорида бўлмаганини ҳисобга олишимиз керак. Фикримизча, тиззадан юқорида бўлган юбкалар ўқув жараёнига таъсирини ўтказиши мумкин», — деди Эратов.

Муфтий ўринбосари Маориф министрлигининг ўзи Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси вакилларини мактаб формаларини ишлаб чиқувчи ҳайъат таркибига таклиф қилгани боис, муфтият вакиллари юбкаларни узайтиришни таклиф қилганини билдирди.

Маориф министрлиги, ўз ўрнида, мактаб формалари «халқ тарафидан» танланганини билдириб, уни ўзгартириш ниятида эмаслигини билдирди.

«Юбкалар узунлиги ўзгармайди. Биз мактаб формаларининг кўп турини таклиф қилдик, бироқ айнан 3 рақамдаги форма биринчи ўринни эгаллади ва келажакда министрлик тарафидан тасдиқланади», — деди Kloop.kg билан суҳбатда министрлик матбуот котиби Амантур Акматов.

Янги мактаб формаси 2015-2016 йилги ўқув йилидан бошлаб мажбурий бўлади. Унинг тақрибий нархи 2000 сом бўлиши айтилмоқда.