Портловдан сўнг Боткенда икки бола ҳалок бўлди

696

 

Қирғизистоннинг Боткен областидаги Зардали қишлоғида номаълум портловчи модда ёрилган. Бир болакай ҳодиса жойида ҳалок бўлган, яна бири эса шифохонада кўз юмган.

Ҳодиса 17 апрел куни, боткен областининг Зардали қишлоғида юз берган. Қирғизистон чегара хизмати маълумотларига кўра, портловчи моддани 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган 6 болакай топиб олган.

«Портловчи модда билан эҳтиётсиз қилинган муомаланинг натижасида у портлаган ва оқибатда беш киши турли жароҳатлар олиб,  бир бола ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Яна бир болакай олинган жароҳатдан касалхонада вафот топган», — хабарлади Давлат чегара хизмати.

ИИМ маълумотларига кўра, ҳалок бўлган болаларнинг бири 6 ёшда, иккинчиси 14 ёшда бўлган.

Чегарачилар билдирувига кўра, болалар 1999 йили Қирғизистон худудига бостириб кирган Ўзбекистон Ислом ҳаракати билан тўқнашувлардан сўнг қолиб кетган гранатамёт ўқини топиб олишган.

Жароҳат олганларнинг яқинлари ҳодисада ҳукуматни айбламоқда. Уларга кўра, чегарачилар 1999 йилги урушдан сўнг жанг майдонларини яхши текширмаган.

Тоғли худудда жойлашган Зардали қишлоғи Кара Белес девонининг ёпилиши ортидан дунёдан ажараганди.

Шу сабабли чегарачилар жароҳат олган болакайларни касалхонага 12 чақирим йўл бўйи қўлида олиб борган.

Жароҳат олганлар яқинларига кўра, чегарачилар касалхонада ҳалок бўлгани айтилаётган болакай йўлда вафот топган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар аҳволи шифокорлар тарафидан «мўътадил» деб баҳоланмоқда.

Воқеа жойига етиб келган куч тизимлари бўйича вице-премьер Абдрахман Маматалиев жароҳат олганларни касалхонага бориб кўрди ва ҳожат туғилса уларни даволаш учун Ўш ёки Бишкекка юбориш мумкинлигини билдирди.

«Ҳозирда икки шифокор Ўшдан келиб бу ерда болаларга қараяпти», — деди у.