Бир ҳафтага йўқолган бишкеклик қизлар уйидан ўзлари қочиб кетган

518

Етти кунлик қидирувлардан сўнг топилган бишкеклик талаба қизлар ўқишдаги муаммолари сабаб уйларидан ўзлари қочиб кетган.

Йўқолган ҳар уччала қиз 24 апрел куни, Иссиқкўлнинг Тюп районида топилди.

Милиция талқинига кўра, қизлар ўқиш узо муддат бормагани сабаб ота-онасининг танбеҳидан қўрқиб уйидан қочиб кетган.

«Қизларнинг уйни ўз ихтиёрича тарк этгани аниқланди. Уларни ҳеч ким куч билан ушлаб турмаган. Улар дарсларга бормай юришган ва бу учун ота-онасидан сўкиш эшитишни ўйлаб, қочиб кетишган», — дейилади Ички ишлар министрлиги тарқатган баёнотда.

Ҳар уччала қиз Бишкек яшовчиси бўлган. Улар 17 апрел куни йўқолганди.

Ўшандан буён улар бутун давлатда машҳурлик қозонди — уларнинг йўқолганини давлатдаги барча ОАВ ёритиб борди.

Қизлар атрофидаги шов-шувнинг кучайишига Бишкекда икки ёш қизнинг ўлдирилиши ва қиз олиб қочишлар сабаб бўлди.

ИИМ маълумотларига кўра, қизлар уйидан қочиб Таласга борган ва у ердан Иссиқкўлга қочган.

Йўқолган қизларнинг барчаси ҳозир Иссиқкўл областида, уларни яқин соатлар ичида Бишкекка олиб келиш режалаштирилмоқда.