Атамбаев митинглар учун «оптималроқ» ечим излашга чақирди

645

Президент Алмазбек Атамбаев Биринчи май туман судининг пойтахтдаги митингларни чеклаш ҳақидаги қарорини изоҳлади.

Бишкекнинг Биринчи май район суди маҳкама қарорига таяниб 31 март куни пойтахтнинг «Ала-Тоо» майдонида, парламент ва ҳукумат биноси олдида митинглар ўтказишни тақиқлади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда мухолифат норозилигига сабаб бўлган чекловлар 1 майгача давом этади.

Давлат бошчисининг мазкур чекловларга муносабабтини унинг матбуот котиби Кадир Токтогулов «АКИпресс» ахборот агентлигига билдирди.

Токтогулов сўзларига кўра, Атамбаев Биринчи май район суди жорий қилган митингларни тақиқлаш ҳақидаги қарорини «тушунарли ва аксар бишкекликларнинг позициясини акс этувчи» деб ҳисоблайди.

Бироқ президент тинчлик митингини ўтказишни хоҳлаган фуқаролар ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиш кераклигини билдирган.

«Шаҳарликларнинг пойтахтни ифлослантириш, транспорт ҳаракатининг бузилиши ва митингчиларнинг агрессив ҳаракатларидан ўзларини ҳимоя қилишларини ва айни дамда тинчлик митингини ўтказмоқчиларнинг талабларини ҳам ҳисобга олиш зарур», — деди президент матбуот котиби.

Давлат бошчиси Бишкек мэриясига митинглар масаласи учун оптималроқ ечим излашга чақирди.

Бишкекнинг Биринчи май район маъмурияти 31 март — «Ала-Тоо» майдонида мухолифатнинг норозилик митингги ўтиши керак бўлган куни митингларга чеклов жорий қилди.

Район маъмурияти ўз қарорини қурултой пайтида ҳолат назорат остидан чиқиб кетиши мумкинлиги билан изоҳлади.

2012 йилда ҳам мухолифат митинги милиция билан тўқнашувга сабаб бўлганди.

Бундан ташқари, Биринчи май район маъмурияти митинглар 2010 йилги революциянинг 4 йиллиги муносабати билан ўтувчи тадбирга халал бериши мумкинлигини билдирган.

Маъмурият етакчиси Аскарбек Алиев митинглар шаҳарда тирбандликларни ҳосил қилмаслиги ва шаҳарликларга ноқулайликлар туғдирмаслиги кераклигини билдирди.