Қирғизистон бўйлаб мухолифат митинглари ўтмоқда

658

Ҳукумат матбуот хизмати мамлакатдаги ҳолат юзасидан матбуот релизи тарқатди.

Ҳукумат хабарларига кўра, Қирғизистонда ҳолат тинч ва назорат остида.

Пойтахт ҳуқуқ тартибот органлари маълумотларида Бишкекдаги митингга 1000га яқин киши қатнашгани айтилади.

Ҳукуматнинг хабарлашича, тартиб бузганликда айбланиб 150-200 киши қўлга олинган.

«Шаҳарнинг турли жойларида корхона, ташкилот ва ўқув муассасалари фаолиятига тўсқинлик қилган кишилар қўлга олинди. 500 кишининг қамоққа олингани ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Қўлга олинганлар сони 150 кишига яқин, ҳозирда улар шахси аниқланяпти. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Барча қўлга олинганлар яқин вақт ичида қўйиб юборилади», — дейилади ҳукумат матбуот релизида.

Митинглар, шунингдек Иссиқкўл ва Ўшда ҳам ўтмоқда.

Гувоҳларнинг хабарлашича, Ўшнинг марказий майдонида мухолифат митингги бошланиш арафасида.

«Шаҳар мэрияси [мухолифатга] микрофон ва колонкаларини улаш учун электр энергиясини бермади. Энди улар микрофонни улаш учун симларни тортишяпти», — деб ёзди сайтимиз ўқувчиси.

Воқеа жойидан хабар бераётган Kloop.kg мухбири Хлоя Гейнега кўра, пойтахтдаги митинг иштирокчилари ҳукумат ва президент билан музокаралар юритмоқчи ва бу учун одамларни ҳозирда танлаяпти.

«Агар Атамбаев уларни қабул қилмаса, улар қайтиб келиб нима қилиш кераклигини муҳокама қилмоқчи», — дейди мухбир.