Москва: Юзига кислота сочилган болакай кейинги ҳафтада операция қилинади

652

Москвалик ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бир ярим ёшли қирғизистонлик болакай учун 129 минг рубл йиғишга эришди. Йиғилган пуллар гўдакнинг чап кўзини операция қилиш учун ишлатилади.

Диёрбекнинг кўзини даволаш учун пул йиққан «Фуқаровий кўмак» ташкилоти болакай кўзига жарроҳлик амалиёти кейинги ҳафтада ўтиши кераклигини билдирди.

Ўшлик Диёрбекнинг операцияси учун ҳозиргача 129 минг рубл жамлашга эришилган.

Бир ярим ёшли болакай ва онасига 2013 йил Россияда номаълум шахслар ҳужум қилганди.

«Фуқаровий кўмак» ташкилотининг маълумотларига кўра, Москванинг Замоскварецкая метросидан чиқиб келаётган Дирёбек ва унинг онасини бир гуруҳ миллатчилар ирқий адоватни англатувчи шиорлар билан метро тарафга қаратиб қувган.

Диёрбекнинг онаси миллатчилардан қутилишга эришган, бироқ миллатчилар уларга қарата сочган кислота болакай кўзига теккан.

«Диёрбек қичқириб, кўзини ишқалай бошлаган. Бировлар кейинги станцияда тез ёрдам чақиришган. Аниқланишича, болакай кўзига миллатчилар қўлидаги кислота теккан экан», —  деб ёзилади «Фуқаровий кўмак» сайтида.

Ўша куни тунда шифокорлар Диёрбекнинг жароҳатланган кўзини ювиб, тикиб қўйишган.

Кейинги ҳафтада ўтиши кутилаётган жарроҳлик муолажасидан сўнг Диёрбекнинг кўриши ёки кўрмаслиги номаълум.

Ҳолат 2014 йилнинг февралида Абдуллаевлар оиласи Россиядаги рўйхатини янгилаш учун Украинага бориб-келмоқчи бўлганида янада оғирлашди.

Чегарани болакайнинг онасигина ўтишга эришган, бироқ россиялик чегарачилар уни қайта Россия худудига киргизмаган ва бу давлатга киришни 2018 йилгача таъқиқлаган.

Бу тариқа Диёрбекнинг отаси Россияда 5 боласи билан ёлғиз қолган. Болаларидан айрилган Ўктамхон эса Қирғизистонга қайтишга мажбур бўлган.

Айна вақтда Диёрбек ва унинг оиласига Россияда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан кўпчиликка таниш «Фуқаровий кўмак» жамғармаси ёрдамга келган.

Диёрбекнинг операция учун пул йиға бошлаганини эълон қилган жамғарма аввалида бу учун 15000 рубл кераклигини билдирганди, бироқ, болакай ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқагани учун, аввалида айтилгандан 8 баробарга кўпроқ пул йиғилган.

Бундан ташқари, ташкилот Диёрбекнинг онасини Россияга қайта олиб келишга ҳаракат қилмоқда.