Парламентнинг профил қўмитаси Қораболтадаги нефтни қайта ишлаб чиқувчи (НҚИЧ) заводнинг атроф-муҳитни ифлослантириши бўйича масалани ўрганади. Маҳаллий яшовчиларнинг қатор шикоятларидан сўнг корхона фаолияти тўхтатилганди.
Парламент ўз йиғинида Хитойнинг «Джунда» заводи фаолиятини кўриб чиқди.
Муҳокамадан сўнг парламентнинг профил қўмитаси НҚИЧ корхонанинг атроф муҳитга етказаётган зарарлари ҳақидаги шикоятларни ўрганиб чиқадиган бўлди.
Қораболтадаги Хитой заводи фаолияти маҳаллий яшовчиларнинг қатор шикоятларига сабаб бўлганди. Яшовчилар корхонанинг атроф-муҳитга етказаётган зараридан норози бўлган. Жорий ойда улар НҚИЧ корхона фаолиятига қарши икки митинг ўтказишганди.
Қатор норозиклик акциялари ўз самарасини бериб, корхонанинг вақтинчалик ёпилишига ва унинг фаолиятини ўрганиб чиқиш учун комиссиянинг тузилишига сабаб бўлганди.
Хитойнинг «Джунда» заводи Қирғизистондаги нефтни қайта ишлаб чиқувчи биринчи корхона.
Унинг қурилиши 2009 йилда бошланган ва ҳукумат маълумотларига кўра, йилига 5 млрд сом солиқ тўлаши кутилмоқда.
Мазкур солиқлар орқали ҳукумат Америка юк ташувчи транзит марказининг ёпилиши ортидан бюджетдаги камомадни тўлдириш ниятида эди.
Хитой заводи фаолияти маҳаллий яшовчиларнинг корхонадан чиқаётган бадбўй ҳид ва соғлиқларининг ёмонлашаётгани ҳақидаги қатор шикоятлари ортидан тўхтатилганди.
Завод маъмуриятининг ўзи атроф-муҳитга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини ва экологик зарарлар ҳақидаги иддаолар асоссизлигини билдириб келади.