Сузоқ: Мадраса қаватининг қулашидан 50дан ортиқ одам жароҳатланди

572

Жалолободнинг Сузоқ туманида жойлашган мадрасанинг иккинчи қавати қулаши 56 одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлди.

Иккинчи қаватнинг қулаши 3 феврал куни, жаноза намози ўқилаётган пайтда юз берди — бу ҳақда Жалолобод Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жусуп Камбаралиев билдирди.

«70га яқин киши жаноза намозини ўқиш учун йиғилган. Иккинчи қаватда ҳам одамлар бўлган. Уларни кўтара олмай, тахталар синган ва одамлар қулаб тушган», — деди у.

Ҳозирда жабрланганларнинг аксар қисми тиббий кўрикдан ўтмоқда.

24.kg ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 52 нафар шахс турли жароҳатлар билан шифокорларга мурожаат қилган.

Соғлиқни сақлаш министрлиги матбуот котиби Алибек Алимахуновнинг хабарлашича, фожеа жойига тез ёрдам бригадаси етиб борган.

«Ҳодиса жойига тез ёрдам бригадаси етиб борган. 19 киши касалхонага ётқизилиб, 1 киши реанимация бўлимига жойлаштирилди. Қолганларга эса турли тиббий ёрдам кўрсатилди», — дейди котиб.

Унинг сўзларига кўра, қулаганлар турли жароҳат олган.

«Ҳолат назорат остида. Жабрланганлар аҳволи ўрта, мўътадил», — деди Алимахунов.

Ҳодисадан сўнг Сузоқ милицияси жиноий иш қўзғаган.

Сузоқ Ички ишлар бошқармасининг район бўлими бошчиси Нурбек Жанибеков жиноий иш қурилиш талабларини риоя қилмаслик бўйича очилганганини билдирди.

«Архитектура, госрегистрдан олинган ҳужжатларни текшириш учун махсус комиссия тузилди. Қурилиш қонунан қурилганми ёки йўқми текширамиз. Якуний хулоса чиққанидан сўнг, фожеада ким айбдор экани аниқланади», — деди у.