Ўш-ТВга қарши иш: МХДҚ телеканал бошчиси билан суҳбатлашди

636

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 3 феврал куни Ўш-ТВга очилган жиноий иш юзасидан унинг бош директорини сўроқ қилди. Ўш-ТВ «худудлараро адоватни қўзғаганликда» айбланмоқда.

Телеканалнинг бош директори Эрнис Киязов 3 феврал куни МХДҚнинг Ўшдаги бўлимига  сўроққа чақирилган. Kloop.kg билан суҳбатда у терговчилар Ўш-ТВ фаолияти билан қизиққанини айтди.

«Ўш-ТВда ким нима билан шуғулланиши, эфирни ким чиқариши, журналистлар нима қилиши ва бош директор нима билан шуғулланиши қабилидаги саволларни беришди», — деди у.

Киязовга кўра, МХДҚ ходимлари жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлган СМС хабарларни унга кўрсатмаган. Махсус хизматга кўра, мазкур СМС хабарларда «жануб ва шимолликларга бўлиш» аломати бўлган.

Ўзини таништиришни истмаган МХДҚ ходими Kloop.kg билан суҳбатда Киязов сўроқ қилинмаганини, балки гувоҳ қатори чақиртирилганини айтди.

«Билдирувлари орқали Киязов ўзини пиар қиляпти. Биз ундан фақат телеканал фаолияти ҳақида сўрадик», — деди МХДҚ ходими.

У айнан қайси СМС хабарлар туфайли Ўш-ТВга қарши жиноий иш очилганини айта олмади, бироқ, ҳозирда тергов ва филологик экспертиза олиб борилаётганини қўшиб ўтди.

Ўш-ТВ ўз эфирлари вақтида томошабинларнинг қонунни бузувчи СМС хабарларини эфирга узатганликда айбланмоқда.

МХДҚнинг хабарлашича, мазкур СМСларда «адоватни қўзғаш ва аҳолини жанублик ва шимолликларга бўлишга ҳаракатлари» аломатлари бўлган.

Ўш-ТВга қарши жиноий иш 29 январ куни очилган. Телеканал 15 январдаги шаҳар мэри сайловларида мағлубиятга учраган Мэлис Мирзакматовга содиқлиги билан кўпчиликка таниқли.

Телеканал раҳбариятининг МХДҚ юборган архив хужжатларини беришлик ҳақидаги сўровига раддиясидан сўнг унинг биносида 31 январ куни тинтув ўтказилганди.