Ўш мэрияси ходимлари сайловлардан сўнг истеъфо бермоқда

658

Энг камида битта вице-мэр ва Ўш мэриясининг бир неча бўлим бошчилари Айтмамат Кадирбаевнинг Ўш мэри лавозимига сайлангандан сўнг ишдан кетди.

Ўш мэрияси матбуот хизмати ходими Бегимай Бекболотова Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бу ҳақда биринчилардан бўлиб хабар тарқатди.

У Ўш мэрининг барча тўрт вице-мэри ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини айтганди, бироқ бу хабарни фақат битта вице-мэр - Дастанбек Ходжаев тасдиқлади.

Ходжаев ўзи билан суҳбатни ёзиб олишни хоҳламади, бироқ телефон орқали сўзлашувда у ўзининг бу ҳаракати ортида «сиёсий замир» йўқ эканини билдирди.

«Янги мэр ўз жамоаси билан келиши керак», — деди у.

Яна бир вице-мэр Ильяс Раджапов ўз лавозимидан кетгани ҳақидаги хабарни рад этди.

Kloop.kg билан суҳбатда Бегимай Бекболотова қолганларнинг ишдан кетишига нима сабаб бўлганини билмаслигини айтди. Ўзининг эса истеъфоси келажакдаги режаларга боғлиқ бўлганини билдирди мэрия матбуот хизматининг собиқ ходими.

«Диплом ишимни ёзиш учун отпускага чиқдим», — деди у.

Бегимайга кўра, шаҳар мэриясининг жамият билан боғланиш бўлими ходимлари Ўш мэри сайловларидан сўнг ўтказган йиғинда ишдан кетишга қарор қилган.

«Бошчимиз Камиль Сидиков бошқа режалари борлигини айтиб, ишдан кетишини билдирди. Бундан сўнг қолганлар ҳам унинг ортидан кетишга қарор қилди. Сидиков иш топиш қийинлигинин айтиб, барчани яхшилаб ўйланиб кўришга чақирди. Бироқ бўлим ходимлари ўз хоҳиши билан кетишга қарор қилишди», — деди Бекболотова.

Ўш мэри сайловларининг санаси белгилангандан сўнг қатор можаролар кузатилганди.

2013 йилнинг декабр ойи сўнгида собиқ мэр Мелис Мирзакматовга қарашли «Улуттар биримдиги» партияси тарафидан тузилган бошқарувчи коалиция тарқаганди.

Бунга Мирзакматов тарафдори бўлган «Замандаш-Современник» партиясидан ягона вакилнинг мандатидан маҳрум бўлиши сабаб бўлганди.

Унинг ўрнига келган партиядоши коалициядан чиқишини билдириб, «Улуттар биримдиги» партиясининг шаҳар кенгашидаги ҳолатини қийинлаштирганди.

Бунинг ортидан, президентга қарашли Социал демократлар партияси дарров ўз коалициясини тузди ва унинг вакиллари сайловда ўз номзоди Айтмамат Кадирбаевни қўллади.

Ўшдаги машҳурлик ва қўлловга эга Мирзакматов мухолифатчи ролига ўтди ва сайловларда 45 депутатнинг фақат 19 нафари унга овозини бергани сабаб ўз лавозимини қайтара олмади.

Сайловлардан сўнг Мирзакматовнинг тарафдорлари Ўш мэриясида ўтказаётган митинги милиция билан тўқнашувга айланиб кетиши мумкин эди, бироқ тарафдорлари олдига чиққан Мирзакматов уларни ўз уйларига тарқашини сўраб, «янги кучлар билан» баҳорда қайтишни ваъда қилди.