Бишкек шаҳар бошчиси Иса Омуркулов 2 декабр куни кеч Бош прокуратура тарафидан сўроққа тутилди. Аввалроқ пойтахт етакчисига қарши жиноий иш очилганди.
Сўроқ натижалари ҳозирча номаълум. Мэрнинг ўзи “Вечерний Бишкек” газетаси интернет таҳририяти билан суҳбатда жиноий ишнинг очилиши унга «кўнгилсиз» ҳодиса бўлганини айтди.
Ўзини айбдор ҳис қилиши ёки қилмаслиги қабилидаги саволга Омуркулов жавоб беришдан бош тортиб, «[Жиноий иш очишга] сабаб бўлса ҳам майли эди!» деб чекланди.
Мэрга қарши жиноий иш Бишкекдаги Ғалаба истироҳат боғи чегарасини ноқонуний равишда чеклаганлик туфайли қўзғатилганди.
Бош прокуратурага кўра, 2010 йилда шаҳар бошчиси истироҳат боғи чегарасини қисқартириш борасида қарор чиқариб, унинг майдонини 48 гектардан 35 гектаргача қисқартирган.
Прокуратура бу тариқа Омуркулов ўз хизмат ваколатларини оширган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.
Бош прокуратура тарқатган маълумотга кўра, боғ худудидан чиқарилган ерларда ҳозир кафе, ресторан ва ёнилғи қуйиш шаҳобчаси қурилган. Агар ушбу ерлар боғ худудидан чиқарилмаганда, барча қурилмалар ноқонуний деб тан олиниши ва давлат ҳисобига ерни қайтариш мумкинлигини айтади прокуратура.