Бомба ҳақидаги хабардан сўнг «Бишкек Парк» уч соат ишламади

549

bp_3-460x258

«Бишкек Парк» савдо марказида бомба ўрнатилгани ҳақидаги аноним қўнғироқдан сўнг марказ уч соатга ёпилди. Сапёрлар қўнғироқда айтилган портловчи мосламани топмади.

«Бишкек Парк» савдо марказига бомба ўрнатилгани ҳақидаги қўнғироқдан сўнг ҳуқуқ тартибот органлари у ерни ёпишга мажбур бўлди.

«30 ёшдаги чамаси аёл қўнғироқ қилиб, «Бишкек Парка» биноси ичига бомба ўрнатилганини, у ярим тунда портлашини айтиб гўшакни қўйиб қўйди», — деди Бишкек ИИБ матбуот хизмати ходими Олжобай Казибаев.

Бомбани қидирув эса уч соатга яқин вақтни олди.

Милиция савдо марказидаги барча сотувчилар ва харидорларни у ердан чиқариб юборди.

«Миллий хавфсизлик қўмитаси сапёрлари ертўладан бошлаб шифтгача барча ерни текширди, бироқ портловчи мосламалар топилмади», — деди Казибаев.

«Бишкек Парк» савдо маркази директори, Али Ихсан Атар қўнғироққа ким алоқадор эканини билмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, савдо маркази ичида юзга яқин дўконлар жойлашган.

Бу Бишкекнинг савдо марказларига ўрнатилган бомба ҳақидаги биринчи ёлғон қўнғироқ эмас — ўтган йили икки марта «Бета Сторес» савдо марказида бомба борлиги ҳақида қўнғироқ бўлганди.

Ўшанда ҳам текширувлардан сўнг бомба ҳақидаги гап уйдирма экани очиққа чиққанди.