Балиқчи-Қорақўл трассаси митингчилар тарафидан тўсилди

435

07148F30-2B3A-4E6A-9C03-422FFF9F1D64_mw1024_n_s-600x350

 

Иссиқкўлнинг Жети Ўгуз райони яшовчилари «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни талаб қилиб норозилик митингларини уюштирди. Икки кун давом этган тартибсизликлар йўлни тўсиш билан якунланди.

Қорақўлдаги митинг 7 октябр куни бошланди ва қатор зўравонликларга сабаб бўлди.

Намойишчилар аввал Иссиқкўл области ҳукумат вакили Эмил Каптагаевни асирга олди ва икки марта Иссиқкўл област маъмуриятини босиб олишга уринди.

Иккинчи уринишдан сўнг милиция намойишчиларни тарқатиб, Каптагаевни асирдан бўшатди. Ўша куни тунда эса 23 митингчини қўлга олди.

Бу эса ўз ўрнида Саруу қишлоғидаги намойишларга сабаб бўлди ва Балиқчи-Қўракўл йўлининг йил бошидан бери иккинчи марта тўсилишига олиб келди.

«Кумтора» атрофидаги масалалар мухолафат ҳамда ҳукумат ўртасидаги катта тортишувларга сабаб бўлиб келяпти.

Қорақўлдаги митингларга муносабатини билдирган ҳукумат мухолафат кучларига ўз кучини 2015 йилги парламент саайловларида синашни таклиф этди.

Айни пайтда митингчиларни қўллаётган мухолафат эса норозилик акцияларини давом эттиришини билдирди.

10 октябрда ўтиши айтилаётган митинглар Таласда, «Қаршилик» ҳаракати тарафидан уюштирилиши кутиляпти.

Жорий йилнинг июн ойи бошида ҳам Иссиқкўл областида «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида митинглар ўтказилганди.

Мазкур коннинг етмиш фоизига Канаданинг «Центерра Голд» компанияси эгалик қилади.

Иссиқкўлдаги намойишчилар конга олиб борувчи ягона йўлни бир неча кун давомида тўсиб, кон фаолиятини тўхтатишга ҳам мажбур қилган эди.

30 май куни кечқурун митингчилар «Кумтор» конига электр энергиясини етказиб берувчи электр станциясини босиб олиб, конни электр тармоғидан узганди.

Иссиқкўллик намойишчилар «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни ва унинг фойдасидан кўпроқ қисми Иссиқкўл областига ажратилишини талаб қилганди.

Иссиқкўл областига борган ҳукумат бошчиси Жанторо Сатибалдиев митингчилар билан сўзлашувлар олиб борди ва оқибатда улар норозиклик акциясини тўхтатиб корхона қайта ишга тушганди.

Сатибалдиев намойишчиларга «Кумтор» бошқариш тизимида ўзгартиришлар киритилишини айтиб, яқин кунларда қилоятга 120 миллион доллар сармоя жалб қилинишини ваъда қилганди.