ТИМ Жириновскийга Қирғизистонда расмий ишлар билан шуғулланишни маън этди

372

5429026808237f61739c50ba7d316151_700-600x350

Қирғизистон Ташқи ишлар министрлиги россиялик депутат Жириновскийга давлат худудида расмий ишларни олиб боришга таъқиқ қўйди. Бу қарор депутатнинг Қирғизистон ҳукуматига ўз қарзлари эвазига Иссиқкўлни беришни таклиф қилганидан сўнг қабул қилинди.

Ўзини таништиришни истамаган Ташқи ишлар министрлиги ходими сўзларига кўра, Жириновскийга кириш таъқиқланмаган, бироқ у «давлатда хуш кўрилмаган шахс» деб эълон қилинган.

Бу чоранинг қабул қилинишига парламент қарори сабаб бўлганини айтади ходим.

«Биз фақат ҳукумат қарорини жорий қилдик», — деди министрлик матбуот хизмати.

Қирғизистон парламенти Жириновскийни 15 майда нон-грат шахс деб эълон қилган.

Ўзининг ғайриоддий билдирувлари билан кўпчиликка маълум россиялик депутат Владимир Жириновский Қирғизистон ҳукуматига ўз қарзлари эвазига Иссиқкўлни беришни таклиф қилгани қирғиз депутатлари ғазабига сабаб бўлганди.

Россия Думаси 16 апрел куни Қирғизистоннинг аввалга қарзлари бўйича битимларни муҳокама қилган.

Йиғинда Россиянинг либерал демократлар партияси лидери Жириновский Қирғизистон ҳукуматининг Россия беминнат ёрдамига “кўникиб” қолганини ва қарзларни тўлаш вақти келганини билдирганди.

«У ерда нафақат фойдали қазилмалар — олтин, уран ва бошқалар — балки гидроманбалардан фойдаланиш имконияти ҳам бор. Агар улар бунинг ҳеч бирини бергиси келмаса — бу жуда қиммат тушишини ўзлари ҳам билади — Иссиқкўлни беришсин. Ажойиб, иссиқ денгиз , ҳатто Қора денгиздан ҳам яхшироқ», — деб депутат сўзларидан иқтибос келтирганди унинг партияси сайти.

Жириновский йиғинда қирғиз-рус алоқалари тарихини эслаган ва «рус шохи пайтида русларни ҳаддан ташқари ҳурмат қилганларини» айтган.

«Бишкек — кичкина қишлоқча эди. Советлар иттифоқи даврида катта қурилишлар олиб борилиб, ҳозир катта шаҳарга айланган. Биз улар учун барча нарсани қилдик. У ерда овул, чорва, олча, узум, тавуз, қовун бор эди», — дега депутат ҳамкасбларига.

Қирғизистон молия министрлиги матбуот хизмати ходими Kloop.kg билан суҳбатда депутат сўзларини жиддий қабул қилмаган ва уни изоҳлашни ҳам истамаганди.

2012 йилнинг кузида Россия ҳукумати Қирғизистондан 500 миллион долларлик қарзини кечганди — бу мамлакат мустақилликка эришгандан буён кечилган энг йирик қарз.

Бироқ бу қарзларнинг кечилишини беминнат деб айтиш қийин — қарзлар кечилишининг асосий шарти Қирғизистон худудида ҳамкорликда Қамбарота ва Юқоринорин ГЭСлари қуриш бўлганди.

Шунингдек томонлар Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий базасини қуришга келишган.

2012 йилда Қирғзистоннинг ташқи қарзи 2 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил қилганди.