Ҳукумат «Кумтор» бўйича музокараларни бошлади

389

kumtor

Жанторо Сатибалдиев бошчилигидаги Қирғизистон ҳукумати «Центерра Голд» компанияси бошқармаси билан «Кумтор» олтин кони юзасидан музокараларни бошлади.

«Азаттык» сайтининг Бош визир матбуот котиби Мелис Эржигитовга таяниб хабар қилишича, «Кумтор» бўйича музокараларнинг навбатдаги раунди Бишкекда бошланган.

Аввалроқ Сатибалдиев Қирғизистон ҳукумати олтин қазувчи «Центерра Голд», «Кумтор Оперейтинг компани» ва «Кумтор Голд компани» компанияларини бириктириб, Қирғизистон ва Канада тарафидан тенг миқдорда ташкил топувчи директорлар кенгашини жорий қилишга ҳаракат қилишини билдирганди.

Шунингдек мазкур бириккан компаниядаги акциялар борасида ҳам сўзлашувлар олиб борилиши айтилганди.

Жорий йилнинг июн ойи бошида Иссиқкўл областида «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида митинглар ўтказилганди.

Мазкур коннинг етмиш фоизига Канаданинг «Центерра Голд» компанияси эгалик қилади.

Иссиқкўлдаги намойишчилар конга олиб борувчи ягона йўлни бир неча кун давомида тўсиб, кон фаолиятини тўхтатишга ҳам мажбур қилган эди.

30 май куни кечқурун митингчилар «Кумтор» конига электр энергиясини етказиб берувчи электр станциясини босиб олиб, конни электр тармоғидан узганди.

Иссиқкўллик намойишчилар «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни ва унинг фойдасидан кўпроқ қисми Иссиқкўл областига ажратилишини талаб қилганди.

Иссиқкўл областига борган ҳукумат бошчиси Жанторо Сатибалдиев митингчилар билан сўзлашувлар олиб борди ва оқибатда улар норозиклик акциясини тўхтатиб корхона қайта ишга тушди.

Сатибалдиев намойишчиларга «Кумтор» бошқариш тизимида ўзгартиришлар киритилишини айтиб, яқин кунларда қилоятга 120 миллион доллар сармоя жалб қилинишини ваъда қилди.