Иссиқкўлдаги велопойга: Ҳайдовчи томошабинларга урилди

389

Issy-k-Kul-

Иссиқкўлнинг Тўн районида ўтаётган «Иссык-Куль Гран-при 2013» велопойгаси пайтида автомобил томошабинларга келиб урилди. Фожеада етти киши жабрлангани айтилмоқда.

Иссиқкўл област Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Сталбек Усубакунов велопойгадаги ҳодиса текширилаётганини ва жиноий иш очиш масаласи кўрилаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда фожеа юзасидан автотехник экспертиза олиб бориляпти ва бунинг асосида тегишли чоралар кўрилади.

«Ауди 100» русумидаги автомашинанинг одамларга келиб урилишига асосий сабаб қатори машинанинг тезликни оширганли кўрилмоқда.

Йўл ҳаракати бошқармасининг билдиришича, автомобилнинг тўхташга ҳаракатида қолган излар 73 метрни ташкил қилган ва бу унинг жуда катта тезликда ҳаракатланганига далолат қилади.

Жабрланган 7 мухлиснинг бештаси пойгани ёритаётган журналистлар бўлган.

Усубакуновнинг айтишича, автоҳалокатда жабрланган яна икки киши машинанинг ичида бўлган.

Жароҳатланганларнинг барчаси Балиқчидаги касалхонага олиб борилган.

Шифохонадан олинган маълумотларга кўра, жабрланган етти кишининг иккитаси аҳволи оғир, қолганлари қониқарли деб баҳоланмоқда.

Наркологик экспертиза ҳайдовчининг фожеа пайтида спиртли ичимликлар истеъмол қилмаганини кўрсатди.

Жабрланганларнинг бири Зайирбек Ажиматов Kloop.kg билан суҳбатда ҳозирча ҳуқуқ тартибот органларига ҳайдовчи устидан шикоят қилмаслигини айтди.

«Шикоят қилишим ҳозир аниқмас. Барчаси менинг соғлиғимга боғлиқ, яхши бўлса шикоят қилмайман», — деди Ажиматов.

Ҳодиса 10 август куни, жабрланганлар йўл бўйида велопойгачиларни кутаётган пайтда содир бўлган.

Тўй кортежи трассадан ўтаётган пайтда улар орасидаги «Ауди 100» русумидаги машина ҳайдовчиси машиналардан ўзмоқчи бўлган ва бошқарувни йўқотиб томошабинларга келиб урилган.