Ўшлик нишолдачи: Мис қозонни зарбини, чилчўпни калтагини емаган нишолда — нишолда эмас

2068

DSC_0039

Нишолда аслида Ўрта Осиёга Ҳиндистон, Покистон каби мамлакатларидан кириб келган. Ҳиндистонда нишолдага пушти ранг қўшилади, уларнинг бирор-бир байрамини ушбу ширинликсиз тасаввур қилиш қийин.

Бизнинг Ўрта осиёликлар эса нишолдани Рамазон ойида тайёрлашади.

Кўпчиликнинг севимли ширинлиги қандай тайёрланишини кузатиш мақсадида, Ўшдаги мана шундай нишолдачилардан бири Мадаминжон ака уйига биз ҳам сафар тортдик.

Қўқон шаҳрига бориб нишолда тайёрлашни ўрганиб келган Мадаминжон ака ҳозирги кунгача  Рамазон ойида ўшликларни нишолда билан таъминлаб келади.

Нишолда қандай тайёрланади? [Фоторепортаж]

«Мен биринчи марта дўстларим билан Қўқонга борганимда нишолда еганмиз. Шунда менга нишолда ёқиб қолиб, раҳматлик  Комилжон ҳожи акадан  нишолда тайёрлашни  ўрганганман. Шундан кейин мен 90чи йиллардан бошлаб Ўшда  нишолда  чиқара бошладим», - дейди Мадаминжон ака.

Нишолдани тайёрлаш учун унча катта ҳаражат талаб килинмайди. Нишолда тайёрлашда мис қазон, беҳи шохидан тайёрланган  чилчўп ва беҳи шохидан тайёрланган  ёғоч қошиқ  ва капгир керак бўлади.

«Мис қозонда тайёрланган нишолда билан ҳозирги замонавий оппаратларда тайёрланаётган нишолданинг фарқи катта. Чунки ҳозирги аппаратлар  нишолдани яхши  аралаштирмайди, сотувчилар суюқ буйича  сотаверишади. Бир кундан кейин нишолданинг тагига сув тўлиб қолади. Бизники эса ундай эмас. Бизнинг нишолда узоқ аралаштирилади, шунда нишолда суюк булиб кетмайди. Нишолдани мис қозон ичида чилчўп билан аралаштириб тайёрласанг, ширин чиқади. Сабаби унга ўз кучингни, ўз меҳрингни берасан. Мен нишолдани пул ишлаш учун тайёрламайман, меп ўз касабим орқали дам оламан, ўзимни шу билан овунтираман», - дейди у.

Мадаминжон ака сўзларига кўра, унинг болалари ҳам нишолданинг сир-асрорларини отасидан ўрганиб олишган.

«Мен бу касбимни ўз қизларимга, фарзандларимга ўргатганман. Ҳозирги кунда булар ҳам ўзлари оилавий нишолда ясашади. Мен шундай ютуқларга эришгимдан мамнунман», - дейди Мадаминжон ака.

Муаллиф: Нурулло Юлдашев