Қирғизистон электрон визаларни жорий қилади

982

visa

Президент Алмазбек Атамбаев чет элликларнинг Қирғизистон визасини интернет орқали олишларига имконият яратувчи «Ташқи миграция ҳақида» қонунига қўшимчалар киритишга қўл қўйди.

Янги қонунга мувофиқ, Қирғизистонга келишни истаган чет элликликлар виза олиш учун элчиликларга мурожаат қилмай, буни интернет орқали бажаришлари мумкин.

Қонунга ўзгартиришлар «виза тартибини либераллаштириш» мақсадида киритилганини президент Атамбаев сайти хабар қилди.

Қирғизистон минтақада бу каби тартиб жорий қилинган биринчи давлат бўлди.

Электрон визалар қачон амалга кириши ҳозирча номаълум, бироқ Қирғизистон ҳукумати сайти визаларни бериш ҳамда ишлаб чиқиш тартиби йўлга қўйилганини ва яқин орада бу маълумот ҳукумат сайтида пайдо бўлишини ваъда қилди.

Визасиз режим

Бу Қирғизистоннинг чет элликлар учун виза олишни осонлаштиришга қўяётган биринчи қадами эмас — 2012 йилнинг июн ойида давлат дунёнинг 44 мамлакатига бир тарафлама виза тартибини бекор қилганди. Виза режими бекор қилинган давлатлар ичида АҚШ, Евроиттифоқ давлатлари ҳамда Яқин Шарқнинг бир неча давлати бор.

Қирғизистон ҳукумати бу чораларни давлатда туризмни ривожлантириш ва сармоядорларни чорлаш мақсадида кўрилганини билдирди.

Бу янгиликка барча ҳам ижобий ёндошгани йўқ — Қирғизистон ташқи ишлар министрлиги бир йил бўйи визани бекор қилишга қарши чиқиб келганди. Министрлик ўз қарорини визаларнинг бекор қилиниши билан давлатнинг консуллик йиғимларидан тушувчи миллионлаб сомдан қуруқ қолиши билан изоҳлаганди.

Қирғизистонга визасиз шунингдек Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг барча фуқаролари келиши мумкин.