Ўшнинг Рудаки мактаби янги ўқув йилига тайёр

827

школа рудаки (32)

Янги ўқув йилига қарата шаҳар ҳамда қишлоқ мактаблари таъмирдан ўтди. Янгича жиҳозлар ва турли янги режалар киргизилган билим масканлари таъмирини махсус комиссия кўздан кечирди.

2013 - 2014 янги ўқув йилига қарата билим бериш масканларида таъмир ишлари бўлиб ўтди. Ҳар бир мактаб ўзига яраша ўзгачаланиб янги ўқув йилига янги режалар киргизди. Мактаб таъмири бўйича фақат беш баҳоларга топширган билим масканлари, ўқувчиларни яна ўз бағрига олишга тайёр. Ана шундай мактаблардан бири бу Абу Абдуллох Рудакий номидаги гимназия мактаби. Мактабни ҳар қандай талабга жавоб берадиган даражада таъминлангани ва янги киргизилган режалари мақтовга лойиқ.

-Бу йил,  июлда мактабни тўлалигича таъмирдан чиқариб  шаҳар комиссиясига топшдик ва фақат беш баҳоларни қўлга киритдик. Нафақат яхши баҳолар, балки янгича таъмир ҳамда янги амалга оширилган режаларимизни кўриб олқиш, мақтовлар айтишди. Таъмирлаш ишлари учун давлат тамонидан бизга пул ажратилади, бу йил эса мактабимиз учун  бир юз тўрт минг   сом пул  берилди ва юқорида айтиб ўтканимдек 8 июлда биз таъмир ишларини  бутунлай тугатдик -, дейди Рудакий мактабининг директори Манзура Асланова.

Мактаб таъмирланишига фақат давлат тамонидан берилган пулгагина таяниб бўлмайди,  чунки бу пул мактабнинг  ташқи тарафини таъмирдашга етади. Синф хоналарни таъмирлашда эса ота-оналар ва ҳомийлар ёрдам кўрсатади .

-Синф хоналар учун давлат тамонидан пул ажратилмайди. Шунинг учун бу  масалаларни ота-оналар билан маслаҳатлашиб ёки ҳомийлар топиб,  уларнинг  ҳисобидан таъмирни амалга оширамиз.Ота-оналарни ўзларини ичидан ҳомийлар чиқиб қолади баъзида, ёки ўқувчиларни билим олишига ҳиссасини қўшмоқчи бўлганлар ҳам йўқ эмас-,дейди раҳбар.

Ўқувчиларни билим олишлари учун барча шароитларни яратиб бераётган муаллим, мураббийлар ҳақиқий Устоз номига лойиқдир. Лекин устозларний ҳаракати ёлғизланмаслиги керак. Шунинг учун Рудакий мактабининг жамоати ота-оналар билан тиғиз иш юритишга ҳаракат қилади. Айрим ота-оналар мактабдан ўз ёрдамини аямай, ҳомийлик қилишади. Шуларнинг бири Рудакий мактаби ота-оналар кўмитасининг раиси Рашидхон Ходжаев. Унинг сўзига кўра, мактаб ҳаётида ота-оналарнинг роли катта.

-Ота-оналар ўртасида мактабга сидқидилдан ёрдам бераётган инсонлар талайгина. Улар билан ҳамкорликда янги лойиҳалар яратамиз. Мактабимизда янги ўқув йили учун, Манас марказини очдик. Мана шу марказни ўзини очилиши шу билан бирга таъмирига, жиҳозларига  юз мин сомга яқин пул сарфладик. Бунинг учун биз ота-оналарга миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бундан ташқари, шаҳар кенгаши депутатлари ҳам катта  ёрдам кўрсатишади. Менинг фарзандларим бу мактабни битириб чиқиб кетганига 3 йил бўлди. Мен эса мактабдан кеча олмадим. Мана ҳалигача шуларнинг муаммосини ечишга ҳаракат қиламан - дейди Ходжаев.

Мактаб таъмири учун давлат тарафдан берилган пул оз бўлганлиги учун, мактаб раҳбарияти турли лойиҳалар ёзишга уринади. Охирги икки йил давомида грант берувчи чет эл бирлашмалар билан ишлаган Рудакий мактабининг жамоати янги хожатхонани, спортзални қурди. Мактаб томи ҳам янгидан ёпилди.  Келажакда янги режаларни рўёбга ошириш учун мактаб раҳбарияти янги лойиҳалар ёзмоқда.

Муаллиф: Акхад Артиков

Муҳаррир: Ҳулкар Исамова