16 июл куни олий судда «Ата-Журт» партиясининг уч депутати устидан биринчи маҳкама ўтиши керак эди. Оқланган депутатларнинг судга келмагани учун, ҳакамлар маҳкамани 23 июлга кўчирди.
Ўтиши кутилган маҳкамада Олий суд Бош прокуратуранинг уч депутат Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ҳамда Талант Мамитовнинг оқланиши юзасидан билдирган шикоятини кўриб чиқиши керак эди.
Аввалроқ айбловчи тараф оқлов ҳукмининг босим остида чиқарилганини билдирганди.
«Мазкур оқлов ҳукми маҳкама тарафидан суд залида ва суд биноси ташқарисида турган кимсалар босими остида чиқарилди. Ҳукм тергов жиноят иши бўйича йиққан далилларга қарама-қарши келади», — деб ёзилганди прокуратура сайтида.
Ўшанда ҳакамларнинг ўзлари босим ҳақидаги маълумотларни рад этганди.
Қамчибек Ташиев адвокати Икрамидин Айткулов суд йиғинини бошқа санага кўчириш илтимоси билан ҳакамга мурожаат қилди.
«Бизнинг ҳимоямиз остидаги шахслар келмагунича, маҳкамани ўтказиш ноўрин», — деди у.
Ҳакамнинг депутатларнинг қаерда экани ҳақидаги саволига Айткулов буни аниқлаш учун «вақт кераклигини» билдирди.
Кўпга чўзилмаган кенгашдан сўнг ҳакам ёқловчи илтимосини қондирди.
«Кейинги йиғин 23 июл куни ўтади», — деди маҳкамага раислик қилган Жақип Абдрахманов.
17 июн кунги ўтган маҳкамада Бишкек шаҳар суди ҳаками жиноятда гумонланаётганларнинг барчасини айби исботланмаган, деб топганди. Бу қарордан машинасида ов қуроли топилган Ташиев ёрдамчиси мустасно бўлган, у қуролни ноқонуний равишда сақлагани учун жаримага тортилганди.
«Ата-Журт» партияси лидерлари «Ҳокимиятни куч билан босиб олиш» ва «Қомусий тузумни ўзгартиришга даъват қилиш» бандлари бўйича айбланаётган эди.
Аввалроқ Биринчи май туман суди ҳар уччала депутатни «ҳокимиятни куч билан босиб олиш»да айбдор деб топганди.
Депутатларнинг барчасига Қирғизистон жиноят кодексининг 295 моддаси бўйича жазо берилганди. Мазкур моддага мувофиқ, бу жиноятга қўл урганлар 12 йилдан 20 йилгача қамалиши керак, бироқ Ташиев ва Жапаров бир ярим йилга, Талант Мамитов бир йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Депутатларга қўйилган қолган айбловлар маҳкама тарафидан асосли деб топилмаганди ва улардан бу айбловлар олиб ташланганди.
Даставвал депутатлар Қирғизистон жиноят кодексининг 297 моддаси, конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилиш бўйича ҳам айблангандилар.
Ҳар учала депутат 2012 йилнинг 3 октябрида парламент биноси олдида ўтказган митингдан сўнг қўлга олинган эди — маҳкамага кўра, «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митингда улар ҳукуматни босиб олишга уринишган.